Комил Алламжонов: фуқароларнинг турк сериалларидан норозилиги ортиб бориши кузатилмоқда

Комил Алламжонов: фуқароларнинг турк сериалларидан норозилиги ортиб бориши кузатилмоқда

Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги раҳбари Комил Алламжонов Facebook’даги саҳифасида фуқаролар Ўзбекистон телеканаллари орқали узатилаётган турк сериалларидан норози бўлаётгани ҳақида ёзди.

«Сўнгги вақтларда мамлакат фуқароларининг нодавлат телеканаллар эфирида намойиш этилаётган хорижий, асосан турк сериалларидан норозилиги ортиб бориши кузатилмоқда ва Агентликка келиб тушган мурожаатларига кўра, ушбу сериаллар кўп ҳолларда ўзбек халқининг миллий удум ва анъаналарига, шунингдек миллий ўзлигимизга маъно ва мазмун жиҳатдан мос келмайди. 

Агентликка фуқароларимиздан шу йилнинг фақатгина беш ойида келиб тушган мурожаат ва шикоятлар сони ўтган йил давомида келиб тушган жами мурожаатлар сони билан таққослаганда 5 марта кўпайган.

Бундан ташқари, нодавлат телеканалларда маҳсулот ва хизматлар савдосини кўпайтиришга йўналтирилган, пул ва бошқа кўринишидаги совғалар ўйналадиган кўрсатувлар сони кўпайиб бормоқда. Нодавлат телеканаллар кўрсатувлар сеткаси таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, телеканаллар тизимли равишда Лицензия келишуви талабларини бузиб келишмоқда.

Юқорида келтирилган ҳолатлар бизда асосли хавотирлар уйғотмоқда.

Агентлик республика ҳудудида қонун доирасида фаолият олиб бораётган барча – ҳам давлат, ҳам нодавлат оммавий ахборот воситаларига ҳар қандай ёрдам кўрсатишга тайёрлигини билдиради.

Шу муносабат билан, Ўзбекистон ахборот бозори субъектларини ўз фаолиятларини амалга оширишда амалдаги қонунчилик талабларига қатъий амал қилишга чақирмоқчимиз», — дейилади хабарда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!