ЖЧ-2018. Хорватия кейинги босқичда, Аргентина мусобақани тарк этиши мумкин

ЖЧ-2018. Хорватия кейинги босқичда, Аргентина мусобақани тарк этиши мумкин

Аргентина ва Хорватия терма жамоалари ўртасидаги ўйин юқори суратлар остида ва анча асабий ўтди.

Сампаоли шогирдлари тўпни кўпроқ ўз назоратларида ушлаб, комбинацион ҳужумлар ташкил қилиган бўлсалар, хорватлар қарши ҳужумда рақибни анча қийнаб қўйишди. Танаффусга қадар жамоалар камида 2 мартадан голга тортадиган вазият яратишди.

Баҳснинг 5-дақиқасидаёқ ҳисоб очилиши мумкин эди. Перишич чап қанотдан жарима майдончасига ёриб кириб, олис бурчак томон зарба берди. Кабальеро қўлларининг учи билан хавфни бартараф этди. Аргентиналиклар эса орадан кўп ўтмасдан 2та хавфли ҳужум билан жавоб беришди. Дастлаб юқоридан етказилган узатмани Лионель Месси деярли дарвозабон билан юзма-юз вазиятда ўзига бўйсундира олмади. Орадан бир дақиқа ўтиб уюштирилган ҳужумни Месси бошлаб берди. Унинг пасидан кейин Салвио ўнг қанотдан олдинга ўтди ва жарима майдончасига узатма берди. Месанинг зарбасидан кейин тўп Ловреннинг бошидан майдонни тарк этди. Акс ҳолда гол бўлиш эҳтимоли юқори эди. 

Ўйиннинг 30-дақиқасида Аргентинада яна бир ажойиб имконият юзага келди. Агуэро рақиб жарима майдончаси ичида ҳимоячи билан тўп учун кураш олиб бориб, тўпни олиб қўйди ва дарвоза олдига узатма берди. Вида тўпни қайтарди. Перес эса тўпни эгаллаб олиб, деярли бўш қолган дарвозага 14 метрдан аниқ зарба бера олмади. Тўп устун ёнидан ўтиб кетди.

Орадан 3 дақиқа ўтиб Манжукич ажойиб имкониятдан фойдалана олмади.  Юқоридан Аргентина дарвозабон майдончасига узатма берилди. Марио юзма-юз вазиятда бош билан тўпни дарвозага жойлаб қўя олмади! Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда европаликларда қарши ҳужумда яхши вазият яратишди. Модричнинг узатмасидан кейин Ребич яккама-якка вазиятга чиқиб кетди. Анте жарима майдончаси ташқарисидан зарба беришга қарор қилди. Анча ноаниқ: тўп юқорига кўтарилиб кетди.

Иккинчи бўлимда эса аргентиналик посбон Вилфредо Кабальеро "қовун туширди". Ҳимоячи томонидан ўзига етказилган узатмани тепиб юбориш ўрнига дарвозабон рўпарасида турган Ребичга бериб қўйди. Анте кучли зарба билан дарвзани ишғол қилди.

Орадан 10 дақиқа ўтиб жанубий америкаликлар ҳисобни тенглаштиришлари мумкин эди. Игуаин берган пасдан кейин Меса 7-8 метрдан зарба берди. Суабшич қайтарган тўпга Максимилианонинг ўзи етиб келди ва Мессига узатма берди. Леонинг дарвозагача 2 метрдан зарбаси йўлига Ракитич оёқ қўйди ва жамоасини қутқарди.

Учрашувнинг сўнгги 10 дақиқаси Златко Далич шогирдлари учун омадли келди. Дастлаб Лука Модрич олис масофадан аниқ зарба бериб, ҳисобни 0:2га етказган бўлса, сўнгги дақиқаларда Иван Ракитич жамоасининг қарши ҳужумини самарали якунлаб, ҳисобни йирик кўринишга келтириб қўйди.

Ушбу ғалабадан кейин Хорватия 6 очко билан нимчорак финал масаласини ҳал қилди. Аргентина эса мусобақа билан хайрлашиш хавфи остида қолди. Эртага Нигерия Исландияни мағлуб этса, Аргентина сўнгги турда африкаликларни енгиш орқали плей-оффга чиқиши мумкин. Акс ҳолда Месси жамоадошларининг тақдири ўз қўлларида бўлмай қолади. 

ЖЧ-2018. "D" гуруҳи, 2-тур
Аргентина – Хорватия 0:3 (0:0, 0:3)
Голлар: 0:1 – 53 Ребич, 0:2 – 80 Модрич, 0:3 – 90 Ракитич. 
Аргентина – Кабальеро, Отаменди, Меркадо, Тальяфико, Маскерано, Перес (Дибала, 68), Сальвио (Павон, 56), Меса, Акунья, Месси, Агуэро (Игуаин, 54).
Хорватия – Субашич, Ловрен, Стринич, Врсалько, Вида, Модрич, Брозович, Перишич (Ковачич, 82), Ракитич, Ребич (Крамарич, 57), Манджукич (Чорлука, 90).
Огоҳлантиришлар: Ребич (39), Меркадо (51), Манджукич (58), Врсалько (67), Отаменди (85), Акунья (87), Чорлука (90).
Бош ҳакам: Равшан Эрматов (Ўзбекистон)

Манба: stadion.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!