Жаннатга фақирлар киради... бойлар ҳам

Жаннатга фақирлар киради... бойлар ҳам

Сизни “Фақирлик айб эмас. Аллоҳ фақирларни кўпроқ яхши кўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам фақир бўлганлар. Қаноат туганмас хазинадир. Зоҳидлик фазилат, тамаъ разолатдир. Самимийлик фақирларнинг дастмоясидир. Бойлар бировларнинг қонини сўрувчи кишилардир. Бойлик гиёҳванд модданинг бир туридир” деб, шу гапларга ишонтиришади. Улар сизни фақирлигингиздан роҳатланадиган, эҳтиёжмандлигингиздан лаззатланадиган, заифликка ва тадбирнинг озлигига рози бўладиган қилиб қўйишади.

Бироқ, ҳеч ким сизга Усмон ва “Жайшул Усра”, Талҳа ва унинг саховати, Зубайр ва унинг кўчмас мулклари, Ибн Авф ва унинг тижоратлари, Ибн Абу Ваққос ва унинг садақалари ҳақида ҳаргиз гапирмайди.

Ҳеч ким сизга саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг куфрдан ва фақирликдан паноҳ сўраганлари, “Юқори қўл (берувчи қўл) пастки қўл (олувчи қўл)дан яхшироқдир”, “Кучли мўмин Аллоҳнинг наздида заиф мўминдан яхшироқдир” деган ҳадисларини ҳаргиз айтмайди. Балки улар сизга “Фақир, заиф, муҳтож бўлсангиз, ҳеч қиси йўқ” дейишади.

Сиз моддий имконият яхши бўладиган бойлик босқичига ўтманг. Акс ҳолда фақирликдан қутулиб, ўзингизни тиклаб олганингиздан сўнг атрофингиздаги етишмовчилик, ночорлик, камситиш каби ҳолатлар ҳақида суриштира бошлайсиз. Бундай саволларингиз билан сизни фақир ҳолда кўришни истаганларни ноқулай аҳволга солиб қўясиз.

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади:

“Сен: “Аллоҳ Ўз бандаларига чиқарган зийнатларни ва покиза ризқларни ким ҳаром қилди?!” деб айт. “Улар ҳаёти дунёда иймон келтирганларга, қиёмат кунида эса фақат ўзларига хосдир”, деб айт. Биладиган қавмлар учун оятларни мана шундай муфассал баён қиламиз” (Аъроф сураси, 32-оят).

Динимизда бой бўлишдан қайтарилмаган, ҳадиси шарифларда мусулмоннинг қўлидаги ҳалол мол нақадар яхши эканлиги таъкидланган.

Унутманг, фақирлик айб эмас, шунингдек, бойлик ҳам. Жаннатга фақирлар киради, бойлар ҳам.

Бойлар ҳам жаннатга кириши учун қўлларидаги бойлик Аллоҳ рози бўладиган ишларга сарф этилиши, охиратга ажр сифатида захира бўлиши керак. Бундан ташқари бойлик инсоннинг қалбини эгаллаб олиб, яшашдан мақсади бойлик йиғиш бўлиб қолмаслиги, балки бойликни охиратда улуғ мақом топиш учун бир восита қилиб олиши керак.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!