Гулистондаги коронавирус марказида юз берган портлашнинг тахминий сабаби маълум қилинди

Гулистондаги коронавирус марказида юз берган портлашнинг тахминий сабаби маълум қилинди

Гулистон шаҳридаги «Алпомиш» спорт мажмуасида ташкил этилган коронавирусга гумон қилинган ёки касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш марказида юз берган портлаш кислород баллони ичидаги кислородга мой қолдиғининг аралашгани сабабли юз берган бўлиши мумкин. Бу ҳақда «Дарё»га Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси маълум қилди.

Қўмита томонидан маълум қилинишича, Гулистон шаҳар Гулистон кўчасида жойлашган «Алпомиш» спорт мажмуасидаги 450 ўринли COVID-19 инфекциясига гумон қилинган ва касалланган беморларга тиббий ёрдам кўрсатиш, саралаш ва тақсимлаш маркази 2020 йил 26 август куни ташкил этилган. 2020 йил 7 октябрь куни ушбу марказда жами 403 нафар COVID-19 инфекциясига гумон қилинган ва касалланган беморлар даволанаётган эди.

Таъкидланишича, 2020 йил 7 октябрь куни соат 08:13 да марказда беморларга тиббий муолажа кўрсатиш учун асосий станциясида 12 та ва захира станциясида 12 та 400 литрли кислород баллонлари ўрнатилган эди. Асосий станциясида мавжуд 12 кислород баллондан 1 таси портлаган, портлаш оқибатида ёнғин келиб чиқмаган.

Қўмитанинг хабар беришича, портлаш оқибатида бир киши оғир тан жароҳати олган, мажмуадаги қолган кислород баллонлари зарарсизлантирилиб, марказда даволанаётган 403 нафар беморлар Республика шошилинч тез ёрдам маркази Сирдарё вилояти филиали, вилоят кўп тармоқли тиббиёт маркази ва болалар кўп тармоқли тиббиёт марказига жойлаштирилган. Мажмуа ва унинг атрофида жойлашган биноларга моддий зарар етган, моддий зарар миқдори аниқланмоқда.

Марказга ўрнатилган кислород баллонларини техник ҳолати бўйича хизмат кўрсатувчи Lena-Lux хусусий корхонасининг оператори,  Сирдарё вилояти Ширин шаҳрида яшовчи Ўзбекистон фуқароси Эхвальд Анатолий Николаевич юз берган портлаш оқибатида оғир тан жароҳати олган.

Маълум қилинишича, ҳодиса содир бўлган жойдан тахминан 700-800 метр узоқликдаги Гулистон шаҳар 3-мавзе ҳудудида жойлашган 2, 4, 5-уйлар олдида мой изларининг қолдиқлари мавжуд ҳолда кислород баллонларининг қисмлари топилган. Ҳодиса жойида портловчи модда излари ва портлаш қурилмаларининг қисмлари аниқланмаган.

«Мутахассисларнинг дастлабки текширув тахминларига кўра, портлашнинг келиб чиқишига кислород баллонларидаги кислородларга мой қолдиқларининг аралашганлиги сабаб бўлган», — дейилади қўмита хабарида.

Қўмита хабарига кўра, ҳодиса жойига бош прокурорнинг биринчи ўринбосари Абдуҳалим Холмаҳматов, ички ишлар вазири ўринбосари генерал майор Азиз Икромов, вилоят ҳокими Ғофур Мирзаев, вилоят прокурори, ДХХ бошлиғи, ИИБ бошлиғи, ФВБ бошлиғи, ССБ бошлиғи етиб борган.

Шунингдек, тегишли ташкилотларнинг тезкор-қидирув ва қутқарув кучлари жалб қилиниб, портлаш оқибатлари бартараф қилинмоқда.

Бундан ташқари, вилоят ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг терговчи ва бошқа тезкор ходимларидан иборат 2 та тезкор тергов гуруҳи, тезкор маълумотлар ва фавқулодда ҳолатлар бўйича штаб, ахборот-таҳлил гуруҳи тузилган.

Ҳозирда мутахассислар томонидан портлаш келиб чиқишнинг аниқ сабаблари ўрганиш учун батафсил текширув ишлари олиб борилмоқда.

Қўмита томонидан билдирилишича, мазкур ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 257-моддаси 2-қисми «а», «б» бандлари (меҳнатни муҳофаза қилиш қоидаларини бузиш оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган ва тергов тезкор гуруҳи тузилган.

Ҳозирги вақтда мазкур ҳодиса юзасидан махсус текшириш ўтказиш борасида Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси раисининг буйруғи чиқарилган. Воқеа сабабларини ўрганиш давом этмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилгани ҳақида 7 октябрь куни Бош прокуратура томонидан маълум қилинганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!