Грузияда мухолифатчи партия раҳбари Ника Мелия ҳибсга олинди. Махсус кучлар у бир ҳафтадан буён яшириниб ўтирган офисга бостириб кирди

Грузияда мухолифатчи партия раҳбари Ника Мелия ҳибсга олинди. Махсус кучлар у бир ҳафтадан буён яшириниб ўтирган офисга бостириб кирди

Грузия полицияси «Ягона миллий ҳаракат» (ЙМҲ) мухолифат партияси етакчиси Никанор Мелияни ҳибсга олди. У 2019 йилда тартибсизликлар уюштирганликда ва Грузия парламентига қилинган ҳужумда иштирок этганликда айбланмоқда, деб ёзади Meduza.

Грузияда мухолифатчи партия раҳбари Ника Мелия ҳибсга олинди. Махсус кучлар у бир ҳафтадан буён яшириниб ўтирган офисга бостириб кирди

Ника Мелия

Фото: «РИА Новости»

Хабарга кўра, 23 февраль куни эрталаб махсус кучлар Мелия ва унинг тарафдорлари яширинган партия идораси эшигини бузиб кирган. Операцияда юзлаб полициячилар иштирок этган. Партия раҳбарини ҳибсга олиш мобайнида полиция кўзни ёшлатувчи газдан фойдаланган. Қўлга олинган мухолифотчи зирҳли машинада олиб кетилган.

Шунингдек, асосан, мухолифат тарафдорларидан иборат бўлган 21 киши партия офиси олдида ҳибсга олинган. Улар полициянинг қонуний талабларига бўйсунмасликда айбланмоқда.

Грузия Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, махсус операция давомида полиция муносиб куч ва қонунда назарда тутилган махсус воситалардан фойдаланган. Мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлиги эса операциядан сўнг 17 киши тиббий ёрдамга муҳтожлигини хабар қилган.

Таъкидланишича, мамлакатнинг турли мухолиф партиялари раҳбарлари 23 февраль куни Грузия ҳукумати ёнида Ника Мелиянинг ҳибсга олинишига қарши норозилик акциясини ўтказмоқчи.

17 февраль куни Тбилиси суди прокуратуранинг Мелияни ҳибсга олиш тўғрисидаги аризасини қондирган эди. Ўша кундан бери мухолифатчи ЙМҲ партиясининг офисида яширинган. 18 февраль куни полиция уни ҳибсга олишга уриниб кўрган, аммо партия офиси ёнига йиғилган 200 га яқин киши полицияга қаршилик қилган.

Маълумот учун «Ягона миллий ҳаракат» партияси грузиялик сиёсат арбоби Михаил Саакашвили томонидан ташкил этилган. У партияни бошқариш давомида ҳокимиятга эгалик қилиб келган, аммо 2012 йилги парламент сайловларида партия бизнесмен Бидзина Иванишвили томонидан асос солинган «Грузия орзуси» иттифоқига ютқазган. Шундан сўнг БМҲ мухолифотга айланди ва Саакашвилининг ўзи мамлакатни тарк этди. Ўшандан бери «Грузия орзуси» ҳокимиятни бошқариб келади.

Аввалроқ Ника Мелиянинг ҳибсга олиниши юзасидан келиб чиққан зиддиятлар туфайли Грузия бош вазири Георгий Гахария ўз лавозимидан кетишга қарор қилгани ҳақида хабар берилганди. Гахария жамоадаги зиддиятларни келгусида мамлакат иқтисодиёти ривожланишидаги ва инқирозларни енгиб ўтишдаги хавф деб атаган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!