Фарғона ва Андижонда 683 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

Фарғона ва Андижонда 683 млн сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқланди

Андижон ва Фарғона вилоятларида электр тармоқларига ноқонуний уланиш ҳолатлари фош этилди, деб хабар беради Бош прокуратура ҳузуридаги департамент.

Қайд этилишича, департаментнинг Андижон туман бўлими ва “Ўзэнергоинспекция” ходимлари ҳамкорлигида тадбир ўтказилган. Тадбирда “К.Д.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар “Султонобод” МФЙ ҳудудида жойлашган ушбу МЧЖга қарашли савдони ташкил қилиш учун майдонларини ижарага бериш фаолиятини амалга ошириш давомида умумий фойдаланишдаги электр тармоғига ўрнатилган электр энергиясини ҳисобга олиш ускунасига қасддан ташқи таъсир кўрсатиб, жами 269 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Шу каби, департаментнинг Жарқўрғон туман бўлими, ИИБ ва ЭТК ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда фуқаро Ж.П. “Оқтепа” маҳалласидаги экин ер майдонида электр сув насосни умумий фойдаланишдаги тармоққа улаб, жами 227,8 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани маълум бўлган.

Департаментнинг Риштон тумани ва Марғилон шаҳри бўлимлари томонидан ЭТК ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган терговга қадар текширувларда “Б-М.” фермер хўжалиги ва “М.М.” хусусий корхонаси раҳбарлари электр ҳисоблагич кўрсаткичларини ўзгартириш учун ташқи таъсир ўтказиб, тижорат мақсадида 186,7 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдалангани аниқланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 169-моддаси (ўғрилик) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ Ўзбекистонда 2024 йилнинг биринчи ярмида 550 миллиард сўмдан ортиқ электр энергияси ва табиий газдан ноқонуний фойдаланиш ҳолати аниқлангани тўғрисида хабар берилганди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!