Эрон Афғонистон билан чегарада 10 километрлик девор қурди

Эрон Афғонистон билан чегарада 10 километрлик девор қурди

Эрон Афғонистон билан чегара деворининг 10 километрдан кўпроғини қуришни тугатди ва яна 50 километрини қуришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Эрон расмийсига таяниб Теhran Times хабар берди.

Эрон армияси вакили Нозар Неъматийнинг таъкидлашича, Афғонистон билан чегара хавфсизлиги учун жавобгарлик Эрон армиясининг қуруқликдаги қўшинлари зиммасига тушади.

“Афғонистон билан чегаранинг шимолий қисмида чегараларни ёпиш ҳаракатлари бошланди, бу ерда операцияларни назорат қилиш учун махсус штаб ташкил этилган. Ушбу тизимли ёндашув армия қуруқликдаги қўшинларининг муҳим иштирокида амалга оширилмоқда”, дейди қўмондон.

Неъматийнинг сўзларига кўра, девор қурилишида тўртта жанговар муҳандислар гуруҳи ва 14 та муҳандислик бўлинмаси, шунингдек, мамлакатнинг турли ҳудудларидан бир нечта жанговар тайёр компаниялар иштирок этмоқда.

У, шунингдек, чегаранинг ёпилиши хавфсизликни ошириши ҳамда контрабандага чек қўйишини таъкидлаб, бу ташаббус мамлакат иқтисодий ўсишига ва чегарадан ўтиш жойларини самарали бошқаришга хизмат қилишини маълум қилган.

Аввалроқ Эрон Афғонистон билан чегарада узунлиги 295 км ва баландлиги тўрт метр бўлган девор қуриш ниятида экани хабар қилинганди.

Эрон—Афғонистон чегарасининг узунлиги 900 км дан ошади. Эрон дунёдаги энг кўп афғон қочқинлари яшайдиган давлатлардан бири ҳисобланади. Афғонистонлик муҳожирлар оқими 2021 йил августида “Толибон” Кобулда ҳокимиятни қўлга киритганидан бери кўпайган. Теҳрон афғон қочқинлари сони бўйича расмий маълумотларни эълон қилмаган.

Эроннинг IRNA расмий ахборот агентлигига кўра, афғонлар Эрондаги хорижий фуқароларнинг 90 фоиздан ортиғини ташкил қилади, уларнинг аксарияти мамлакатга шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз кирган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!