Экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилувчи қонунчилик такомиллаштирилмоқда

Сенатнинг эллик тўртинчи ялпи мажлисида “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонун кўриб чиқилди.

Таъкидланганидек, ҳозирда камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остидаги ҳайвонлар ва ўсимликлар турлари сони ортиб бормоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 2009 йилда 184 та ҳайвон ва 304 та ўсимлик турлари киритилган бўлса, 2019 йилга келиб ушбу кўрсаткич мос равишда 206 (+22) ҳамда 314 (+10) тани ташкил этган.

Мазкур Қонун билан қатор қонунларга мамлакатимизнинг Қизил китобига киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар турларини муҳофаза қилишни янада кучайтириш ҳамда уларни табиий муҳитдан ажратиб олишни чеклашга оид ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Хусусан, Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимлик турларини сақлаб қолиш ва муҳофаза қилиш учун уларнинг ўсиш муҳити бўлган жойларда муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар ташкил этилиши ҳамда илмий-тадқиқот ишларини амалга ошириш мақсадида уларни табиий муҳитдан ажратиб олган ҳолда фойдаланилиши мумкинлиги кўзда тутилмоқда.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан киритиладиган таклифлар асосида Вазирлар Маҳкамаси томонидан Қизил китобга киритилган, камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг ҳамда ёввойи ҳайвонларнинг айрим турларини ва уларнинг қисмларини табиий муҳитдан ажратиб олишга доир рухсатномаларни бериш чекланиши, чекловларнинг асослари, уларнинг амал қилиш муддати белгиланиши кўрсатиб ўтилмоқда.

Бундан ташқари, экология ва ўрмон хўжалиги соҳасидаги давлат органларининг ваколатлари аниқлаштирилмоқда. Қонун ва кодекслардаги оқова сувларни чиқариб юбориш бўйича хизматлар кўрсатиш билан боғлиқ тушунчалар “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни нормаларига мувофиқлаштирилмоқда.

Қайд этилганидек, мазкур Қонуннинг қабул қилиниши экология соҳасидаги давлат бошқарувининг самарали ташкил этилишини таъминлашга, Қизил китобга киритилган камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликлар ҳамда ёввойи ҳайвонлар турларининг ўсиш ва яшаш муҳити шароитлари яхшиланишига ҳамда коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётининг бир хиллиги таъминланишига, мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлашга хизмат қилади.

Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!