Батафсил: Фарғонада журналистга кимлар ҳужум қилгани маълум бўлди

Батафсил: Фарғонада журналистга кимлар ҳужум қилгани маълум бўлди

Бош прокуратура матбуот хизмати ​EFFECT.UZ ходими Ғиёсиддин Эшов билан 13 май куни содир бўлган нохуш ҳодиса юзасидан маълумот берди. Прокуратура маълумотида сайт операторига нисбатан қилинган ҳужумда кимлар қатнашгани ва ҳодиса қандай содир бўлгани ҳақида тўлиқ тафсилотлар қайд этилган.

Эслатма: бироздан сўнг ҳужумга учраган EFFECT.UZ оператори билан интевью тақдим этилади.

ТЎЛИҚ ТАФСИЛОТЛАР

Жорий йилнинг 13 май куни соат 18:30ларда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги “Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги”га қарашли EFFECT.UZ ахборот агентлиги оператори Эшев Ғиёсиддин Маматғаниевич хизмат юзасидан ўз бошқарувидаги “Матиз” русумли, 40G504AA давлат белгили автомашинасида Қува туманидан Фарғона шаҳрига кетаётиб, Андижон-Фарғона ва Қўшкечик-Бегат йўллари кесишган чорраҳага етиб келади ва светофорнинг қизил чироғида тўхтаган.

Ходим светофорга тўхтаган вақтида, автомашинаси ён томонига фуқаро Исмоилов Умиджон Иброҳимович бошқарувидаги “Матиз” русумли, 40N488 MA давлат белгили автомашинада кейинчалик шахси аниқланган танишлари Азалиев Отабек Равшанович, Ҳусанов Муҳаммадали Абобакирович ва Раимжонов Салоҳиддин Содиқжон ўғлилари билан келиб тўхтаб, Ғ.Эшевнинг кўзига номаълум мослама билан кўзни ёшлантирувчи суюқлик сепиб, Ғ.Эшевга тегишли, нархи 20 000 000 млн сўм бўлган “Canon 6D” русумли видеокамерасини қўлга киритган.

Шундан сўнг Ғ.Эшев видеокамерасини қайтариб олиш мақсадида автомашинасида уларни ортидан қувиб, Қува-Марғилон ва Қўшкечик-Бегат чорраҳасида жойлашган светафордан Қува туманига қараб бурилган вақтида уларга етиб олган ҳамда улар жойлашган машинанинг орқа қисмига урилиши натижасида, автомашина йўл четида жойлашган Э.Рўзиевга тегишли 155-уйга бориб урилиб тўхтаб қолган.

Шу вазиятда У.Исмоилов, О.Азалиев, М.Ҳусанов ва С.Раимжоновлар видеокамерани ўзлари билан олган ҳолда автомашинадан тушиб, ҳодиса жойидан яширинган, яшириниш жараёнида О.Азалиев Ғ.Эшев бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашинани орқа ойнасини тош билан уриб синдириб, мулкий зарар етказган.

Олиб борилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида Ғ.Эшевга тегишли бўлган “Canon 6D” русумли видеокамера О.Азалиевдан далилий ашё тариқасида олинган, далилий ашё кўздан кечирилганида унга ҳеч қандай шикаст етказилмаганлиги ҳамда хотира картаси йўқотилмай сақланиб турганлиги аниқланган. (аммо маълумотлар бор ёки ўчирилгани сайт ходимларига айтилмаяпти. Видеокамера флеш картасида Қува ҳокимлигидаги лавҳалар бўлган.).

Мазкур ҳолат бўйича У.Исмоилов, О.Азалиев, М.Ҳусанов ва С.Раимжоновларнинг ҳаракатларида талончилик, яъни бир гуруҳ шахслар томонидан олдидан тил бириктириб, ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли уларга нисбатан 14 май куни ИИБ ҳузуридаги ТБ томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 166-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, О.Азалиев, М.Хусанов ва С.Раимжоновлар ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

166-МОДДА. ТАЛОНЧИЛИК

Талончилик, яъни ўзганинг мулкини очиқдан-очиқ талон-торож қилиш — уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёки беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Талончилик:

а) ҳаёт ва соғлиқ учун хавфли бўлмаган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб;

б) анча миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. (ЖКнинг166-моддаси 2-қисми “в” банди).

Талончилик:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) уй-жойга, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб;

в) кўп миқдорда содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Талончилик:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, —

221-МОДДА. УШЛАБ ТУРИШ АСОСЛАРИ:

Жиноятни содир этишда гумон қилинган шахс қуйидаги асослар мавжуд бўлганда ушлаб турилиши мумкин:

1) шахс жиноят устида ёки бевосита уни содир этганидан кейин қўлга тушса;

2) жиноят шоҳидлари, шу жумладан жабрланувчилар уни жиноят содир этган шахс тариқасида тўғридан-тўғри кўрсатсалар;

3) унинг ўзида ёки кийимида, ёнида ёки уйида содир этилган жиноятнинг яққол излари топилса;

4) шахсни жиноят содир этишда гумон қилиш учун асос бўладиган маълумотлар мавжуд бўлиб, у қочмоқчи бўлса ёки доимий яшайдиган жойи йўқ ёхуд шахси аниқланмаган бўлса.

Гумон қилинувчилар ҳақида маълумот:

Исмоилов Умиджон Иброхимович, 10.05.1982 йилда Қува туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта, оилали, мавсумий ишчи, муқаддам судланган, Қува тумани Қува м.ф.й. Хувайдо кўчаси 29-уйда яшайди.

Азалиев Отабек Равшанович,28.04.1987 йилда Қува туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оилали, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз, Қува МФЙ, Бўстон кўчаси 60-уйда яшайди.

Ҳусанов Мухаммадали Абобакирович, 08.04.1996 йилда Асака туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, бўйдоқ, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз, Асака тумани, Ниёзботир МФЙ, Фарғона кўчаси 151-уйда яшайди.

Раимжонов Салоҳиддин Содиқжон ўғли, 25.08.1999 йилда Асака туманида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, бўйдоқ, муқаддам судланмаган, вақтинча ишсиз, Асака тумани, Ниёзботир МФЙ, М.Қодиров кўчаси 64-уйда яшайди.

Жабрланувчи ҳақида маълумот:

Эшев Ғиесиддин Маматғаниевич, 05.09.1989 йилда Фарғона шаҳрида туғилган, миллати ўзбек, Ўзбекистон Республикаси фуқароси, маълумоти ўрта-махсус, оилали, муқаддам судланмаган, EFFECT.UZ ахборот агентлиги оператори, Фарғона шаҳар, Ҳумо кўчаси 17-уйда яшайди. Ҳозирда ҳолат юзасидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда, унинг бориши ва натижалари ҳақида қўшимча ахборот берилади.

Таҳририятдан қўшимча ва эслатма: 13 май куни Effect.uz ходими машинасига Қува туманида номаълум шахслар ҳужум қилди. Оқибатда оператор Ғиёсбек Эшовга тегишли бўлган машинанинг ойналарини синдирилган ва унинг кўзига номаълум суюқлик моддаси (газ) сепилган ҳамда турли тан жароҳатлари етказилган.

Эътиборлиси, номаълум шахслар машина ичида бўлган таҳририят мулки видеокамерани олиб қочган. Effect.uz мухбири Элёр Тожибоев ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолавҳада ушбу ҳодиса Қува ҳокимлиги томонидан уюштирилганини айтган эди.

Аммо Effect.uz таҳририяти ушбу иддао тасдиқланмагани ва қизишув ёки саросима оқибатида айтилганини эслатиб ўтади. Бундан ташқари, Effect.uz ҳолат бўйича тегишли ташкилотлар томонидан текширувлар натижасига тўлиқ таянишини маълум қилади.

Маълумот учун, ушбу ҳодиса мухбир Элёр Тожибоев ва оператор Ғиёсбек Эшов Қува тумани ҳокимлиги биносида мурожаатчининг мурожаатини ўрганиш учун изоҳ олингандан сўнг, 1 соат ҳам ўтмасдан содир бўлган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!