АҚШ савдо вакили идораси Ўзбекистонга гўшт экспорт қилиш марказини ташкил этди

АҚШ савдо вакили идораси Ўзбекистонга гўшт экспорт қилиш марказини ташкил этди

АҚШ Савдо вакили идораси Ўзбекистонга гўшт экспорт қиладиган марказ ташкил этган. Бу ҳақда АҚШ савдо вакили идораси ҳамда Ўзбекистон расмийлари эълон қилган баёнотга асосланиб, Meat+Poultry хабар берди.

АҚШ идораси (USTR) хабар беришича, янги марказ Қўшма Штатлардан қорамол ва парранда гўшти экспорт қилиш билан шуғулланади. Вашингтондаги ҳукумат бу борада махсус қарор чиқариб, 1 июндан бошлаб гўшт корхоналарига Ўзбекистонга маҳсулот экспорт қилишга рухсат берган.

Олдинроқ АҚШ элчиси Кетрин Тай Ўзбекистонга келиб, президент Шавкат Мирзиёев билан икки томонлама учрашувлар ўтказган эди. Ушбу учрашувларда савдо-иқтисодий соҳада бир қанча манфаатли амалий натижаларга эришилган.

“АҚШ ва Ўзбекистон жорий йилда бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларда эришилган сезиларли муваффақиятдан манфаатдорлигини ҳис қилди ва лойиҳаларнинг яқин келажакда тугалланишидан мамнунлигини изҳор қилди”, — дейилади икки давлатнинг қўшма баёнотида.

Манбада айтилишича, Ўзбекистоннинг халқаро савдони осонлаштириш ташаббуслари АҚШ эътиборини тортган. Ўзбекистон қонунчиликдаги ўзгартиришлар орқали халқаро савдо тизимларига содиқлигини ифода эта олган.

“Фаол аъзолик жараёнининг бир қисми сифатида Қўшма Штатлар Ўзбекистоннинг бугунги кунгача миллий қонунчилиги ва амалиётини Жаҳон Савдо Ташкилоти келишувларига мувофиқлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларини олқишлади. Айниқса, Ўзбекистоннинг савдони осонлаштириш бўйича чора-тадбирларини ЖСТнинг Савдони осонлаштириш тўғрисидаги битимига мувофиқлаштириш бўйича саъй-ҳаракатлари кўп томонлама савдо тизимига содиқлигидан далолат беради”, — дейилади АҚШ ва Ўзбекистон қўшма баёнотида.

Гўшт экспорт қилувчи янги марказ ташкил қилиниши ортидан АҚШ гўшт экспорти федерацияси (USMEF) бир қанча тафсилотларни очиқлаган.

“2021 йилда Ўзбекистон объектларни рўйхатдан ўтказиш чора-тадбирларини амалга оширганидан бери атиги 29 та гўшт ва паррандачилик объекти Ўзбекистон томонидан мамлакатга экспорт қилиш ҳуқуқига эга бўлиши учун маъқулланган. АҚШ савдо вакили идораси ва қишлоқ хўжалиги департаменти чекловларни олиб ташлаш учун ҳозирда Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилмоқда. АҚШ гўшт экспорти федерацияси ҳам бу жараёнлардан манфаатдор бўлиб, сўнгги ижобий ўзгаришларни олқишлайди”, — деган USMEF иқтисодий таҳлил бўйича вице-президенти Эрин Боррор.

USMEF маълумотларига кўра, жорий йилнинг январь—апрель ойларида Ўзбекистонга мўлжалланган қорамол ва парранда гўшти экспорти ҳажми тахминан 8100 тоннани ташкил этган. Бу орада Ҳиндистон иккинчи (4750 тонна), Қозоғистон учинчи (3260 тонна) ва Бразилия тўртинчи ўринда (83 тонна) қайд этилган. Шунингдек, январь—апрель ойларида Ўзбекистонга Европа Иттифоқидан чўчқа гўшти экспорти 96 тоннага етган. Бу эса ўтган йилдагига нисбатан 18 фоизга кам.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!