АҚШ расмийси фаластинликларнинг Ғазо секторидан мажбуран кўчирилишига қарши чиқди

АҚШ президенти ёрдамчиси ўринбосари ва Миллий хавфсизлик кенгашининг Яқин Шарқ ва Шимолий Африка бўйича координатори Бретт Макгёрк фаластинликларнинг Ғазо секторидан мажбуран кўчирилиши ва минтақанинг навбатдаги ишғол қилинишига қарши чиқди. Бу ҳақда америкалик расмий Баҳрайндаги матбуот анжуманида маълум қилди.
"Фаластинликларни Ғазодан мажбуран чиқариб бўлмайди, Ғазони яна босиб бўлмайди, ҳудудини ҳам қисқартириб бўлмайди", - дейди Макгёрк.
Унинг таъкидлашича, босиб олинган Ғарбий Соҳил ва Ғазо секторидаги маъмурият бир том остида тўпланиши керак.
Америкалик расмийнинг фикрича, ҲАМАС қўлида ушлаб турилган кўп сонли маҳбусларнинг озод этилиши Ғазо секторидаги ҳарбий амалиётларда сезиларли гуманитар паузага олиб келади. Ва агар шундай қадам ташланса, бу Ғазога келаётган инсонпарварлик ёрдамининг кўпайишига олиб келади, дея қўшимча қилди Макгёрк.