Антимонопол қўмитаси: "Тошкент метрополитенининг вазифасини қанчалик бажараётгани ўрганилади"

Антимонопол қўмитаси: "Тошкент метрополитенининг вазифасини қанчалик бажараётгани ўрганилади"

Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳар йўловчилари метрополитен хизматларидаги қатор муаммолар гувоҳига айланишмоқда. Ижтимоий тармоқларда Тошкент метрополитени билан боғлиқ камчиликлар ҳақида кўп маротаба ёзиб келишмоқда. Жумладан, 18 март куни «Олмазор» (Чилонзор йўли) ва «Бекат-1» (Сергели йўли) орасидаги туннелда икки поезд тўқнашуви. 9 апрель куни ижтимоий тармоқларда поезднинг очиқ эшиклар билан ҳаракати туширилган видео тарқалди. Шу билан бирга метрополитендаги ер ости ва ер усти поезд ҳаракатларининг бир нечта бошқа видеолари ҳам ижтимоий тармоқларда кўп бора муҳокама қилинди. Бугун эса, туннелда тўхтаб қолган поезд ҳақидаги видео тарқалди, унда йўловчилар рельслар орқали ҳаракатланиб бекатга етиб олишгани тасвирланган.

«Шаҳар йўловчилар транспорти тўғрисида»ги Қонуннинг 8-моддасида йўловчи ташишнинг асослари белгилаб қўйилган, жумладан:

  • шаҳар йўловчилар транспортининг бир маромда ишлашини ташкил этиш;
  • йўловчиларга хизмат кўрсатиш сифати ва маданиятини ошириш;
  • йўловчиларнинг ҳаёти ва соғлиғи хавфсизлигини, транспорт воситалари ҳаракатининг хавфсизлигини, шунингдек атроф муҳитни муҳофаза қилиш талаблари бажарилишини таъминлаш.

Аммо, «пойтахт ер остидаги» воқеалар хизмат кўрсатувчининг ўз мажбуриятларини бажармаётганига далолат бермоқда.

Ушбу ҳолатларни ва ҳар бир йўловчи истеъмолчи эканлигини ҳамда уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари Ўзбекистон Республикасининг «Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонун билан ҳимояланишини эслатган ҳолда, Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳузуридаги Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги юқорида келтирилган муаммоларни ўз назорати остига олиб, метрополитен хизматлари юзасидан ўрганиш ишларини бошлаганини маълум қилади.

Монополияга қарши курашиш қўмитаси Матбуот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!