Америкалик эксперт Баҳодир Жалоловнинг Олимпиададаги имкониятларини юқори баҳолади

Америкалик эксперт Баҳодир Жалоловнинг Олимпиададаги имкониятларини юқори баҳолади

Бокс бўйича эксперт Баҳодир Жалоловнинг имкониятларини юқори баҳолаб, унинг Олимпиадада эҳтимолий рақиби Кункабаевга ҳеч қандай имконият қолдирмаслигини айтди. Бу ҳақида Дарё Уз нашри ёзмоқда.

Амeрикалик журналист Жек Маккаферри “Vesti.kz” мухбири билан суҳбатда ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалоловнинг Париж—2024 Олимпиадасидаги имкониятлари ҳақида гапирди. Мутахассис суҳбат давомида қозоғистонлик Камшибек Кункабаев билан бўлиши мумкин бўлган жанг ҳақида ўз тахминларини билдирди.

Ҳар икки боксчи Парижда бўлиб ўтадиган Олимпиада ўйинларига лицензия қўлга киритган.

Экспертнинг фикрича, ўзбекистонлик спортчи ҳаваскор боксда энг хавфли спортчи ҳисобланади.

“Менимча, Баҳодир Жалолов бошқа савияда. Унинг профессионал рингда ва ҳаваскорлар мусобақаларидаги фаолияти феноменал дейиш мумкин. Жалолов — кучли ва катта боксчи. Ўз тактикасида у ўзининг кучли томонларини муваффақиятли кўрсата олади. Албатта, Олимпиадада у ғолиблик учун асосий номзод бўлади. Балки мусобақада янги бокс юлдузини кўрармиз, аммо ҳозирча ўзбек боксчиси ҳаваскор боксдаги энг хавфли спортчи ҳисобланади”.

Бундан ташқари, Маккаферри қозоқ—ўзбек бокс мактаби вакиллари тўқнашувида Баҳодир Жалоловнинг имкониятларини юқори баҳолади.

“Кункабаевнинг бир нечта жангларини кўрдим. Унга мусобақада қийин бўлади. Унинг тана тузилишида фарқ бор. Уларнинг жангида фаворит— сўзсиз, Баҳодир Жалолов”, — деди Маккаферри.

Маълумот учун, икки боксчи ҳам параллел равишда профессионал фаолиятини давом эттирмоқда. Жалолов соғлиғи билан боғлиқ муаммолар туфайли 14 апрель куни Тошкентдаги Humo Arena’да IBA Чемпионлар бокс оқшоми доирасида бўлиб ўтиши керак бўлган хорватиялик Агрон Смакичич (20-2, 18 КО) билан жанг ўтказа олмаган эди.

Кункабаев 2022 йилнинг март ойида ўзбекистонлик Фаррух Жўраевни муддатидан олдин мағлуб этганидан бери профессионал боксда жанг қилмади. Принципиал рақиблар сўнгги бор 2023 йилги Осиё чемпионатида тўқнаш келган, унда ўзбекистонлик боксчи ҳакамлар қарорига кўра ғалаба қозонган эди.

Эслатиб ўтамиз, бир неча кун аввал ўзбек бокс афсонаси Руслан Чагаев Баҳодир Жалоловнинг Олимпиададаги имконияти ҳақида гапириб, ўз ҳамюртини медалларга асосий даъвогар эканлигини таъкидлаган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!