Йигирма йиллик тайёргарликдан сўнг беш Каспийбўйи давлати денгизни бўлиб олишади

Йигирма йиллик тайёргарликдан сўнг беш Каспийбўйи давлати денгизни бўлиб олишади

Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Россия ва Туркманистон президентлари 12 август куни Оқтовда Каспий денгизининг ҳуқуқий мақоми тўғрисидаги Конвенцияни имзолайдилар, деб хабар қилди Кремль матбуот хизмати. Беш мамлакатнинг конвенцияни ишлаб чиқиш бйўича ҳамкорликдаги комиссияси ўз ишини 1996 йилда бошлаганди.

Конвенцияни имзолаш ушбу учрашувнинг марказий воқеаси бўлиши кутилмоқда, деб қайд этмоқда Кремль. Беш давлат президенти шунингдек, бир нечта беш томонлама ҳукуматлараро келишувларни имзолайди.

Совет Иттифоқи парчаланганидан буён Каспий денгизининг ҳуқуқий мақомини аниқлашга уриниб келинаётганди. Акватория чегараларини аниқлаш ҳамда денгиз туби бўйлаб қувур ётқизиш ишларини келишиб олиш тартиби ҳар бир давлат учун баҳсталаб масалалар бўлиб қолаётганди.

Конвенция лойиҳасига кўра, Каспий денгизининг туби ва сатҳи секторларга бўлинади, акваториянинг ўзи эса ички ва ташқи сувларга, балиқ овлаш ҳудудлари ва умумий сув маконига бўлинади. Каспий устидаги ҳаво бўшлиғининг ҳам чегаралари аниқлаб олинади. Ҳужжатда шунингдек, Каспий денгизида мазкур беш мамлакатга тегишли бўлмаган ҳарбий кучларнинг бўлиши тақиқланиши ҳам кўзда тутилган.

Давлатлар шунингдек, денгизда овланадиган балиқлар миқдорини ҳам белгилашга келишиб олишади.

Денгиз туби бўйлаб қувур ётқизишда фақатгина ҳудудидан қувур ўтаётган давлатлар ўзаро келишиб олишади. «Каспий бешлиги»нинг қолган иштирокчилари бу ҳақда хабардор қилинади.

Ҳужжатда денгиз сатҳи ва сувларини бўлишишда Эроннинг манфаатлари ҳисобга олиниши кўзда тутилган: Теҳрон Каспий денгизи акваториясини бўлишда бошқа давлатлар таклиф қилганидек ўрта чизиқлар бўйлаб эмас, балки бешта тенг қисмга бўлишни таклиф қилган.

Мазкур конвенцияни имзолаган давлатлар ўз территориал сувларида илмий тадқиқотларни мувофиқлаштириш, тадқиқотларга рухсат бериш ва ўтказиш ҳуқуқига эга бўлади.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!