Хитой уйғурлар ҳақидаги қонун учун Америкадан қасос олмоқчи

Хитой уйғурлар ҳақидаги қонун учун Америкадан қасос олмоқчи

Пайшанба куни эълон қилинган баёнотда Хитой Ташқи ишлар вазирлиги расмий Пекин "қатъий жавоб зарбаси" бериши ва Қўшма Штатлар барча оқибатлар учун масъул бўлишини таъкидлаган.

Хитой Президент Трамп имзолаган қонун "Хитойнинг ташқи ишларига қўпол равишда аралашиши"ни таъкидлаб, Қўшма Штатларни "ўз хатосини тезроқ тўғрилаш"га чақирган.

Жазо чоралари

Чоршанба куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Шинжондаги мусулмон уйғурлар ва бошқа миллий ва диний озчиликларга қарши босим ўтказиш сиёсати туфайли ушбу сиёсатга алоқадор хитой расмийларига нисбатан жазо чораларини назарда тутувчи қонунни имзолаган.

Қонун лойиҳаси 15 майда Сенат, 27 майда эса, АҚШ Конгрессининг Вакиллар палатаси томонидан тасдиқланганди.

АҚШ Давлат Департаменти Хитойни мусулмон уйғурларга қарши қийноқлар қўллаш ва уларнинг маданиятларини йўқ қилиб юборишга уринишда айблаган.

Трамп ўз баёнотида, қонунннинг айрим бандларига тўла қўшилмаса-да, уни тасдиқлаганини маълум қилди.

Қонунга биноан, уйғурларга қарши босим сиёсати учун масъул бўлган Хитой расмийларининг АҚШдаги мол-мулк ва ҳисоблари музлатилади ҳамда уларнинг Қўшма Штатларга кириши тақиқланади.

Қонунда АҚШ Давлат Дапертаментига Шинжондаги уйғурлар ҳуқуқларининг топталишига доир махсус ҳисобот тайёрлаш топширилган.

Болтоннинг иддаоси

Қонун Хитой лагерларига ташланган бир миллиондан кўпроқ аксар уйғурлардан иборат мусулмонларнинг ҳақ-ҳуқуқларини тиклашни назарда тутади.

Унга кўра, Хитой уйғурларнинг фуқаролик ва сиёсий ҳақларини рад этмоқда, уларнинг эътиқод ва эркин ҳаракатланиш ҳуқуқларини кескин чеклаган.

Хитой Шинжондаги мусулмонларга қарши қўллаётган қатор чоралар ҳам санаб ўтилади:

  • Шахсий ҳаётни ҳам назорат қилувчи кузатув ва болалардан ДНК олиш.
  • Уйлар олдида QR кодларини қўллаб, мусулмонларнинг қанчалик тез-тез намоз ўқишини текшириш.
  • Юз ва овозни танийдиган технологияларни тадбиқ этиш.

Уйғурларга қарши репрессиялар боис жазо чоралари қўллаш назарда тутилган расмийлар орасида Хитой Коммунистик партиясининг Шинжон-Уйғур бўлгаси бўйича котиби Чэннинг номи зикр этилган.

Шинжон-Уйғур бўлгаси коммунист раҳбари Жаноб Чэн эса мусулмонлар ташланган махсус лагерларнинг "қурувчиси" деб аталади.

Айни пайтда Оқ Уйнинг собиқ миллий хавфсизлик маслаҳатчиси Жон Болтон ўз хотираларида Президент Трамп Хитой раҳбари Си Цинпинга унинг уйғурларни қамоқ-лагерларда ушлаб туриш сиёсатини маъқуллашини айтганини даъво қилди.

Болтоннинг иддаосига кўра, Трамп Хитой раҳбарига "лагерларни қуриб тўғри қилдингиз" деб айтган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!