Халқнинг сабри билан ҳазиллашманг сиз!..

Халқнинг сабри билан ҳазиллашманг сиз!..

Бугун ижтимоий тармоқларда, телеграм каналларию турли оммавий ахборот воситаларида, ҳатто маҳаллада йиғилиб гап сотадиган хотинлар ўртасида ҳам битта мавзу энг кўп муҳокама қилинмоқда.

Бу ҳам бўлса – аҳолини газ, электр энергияси билан таъминлашдаги кўзга ташланаётган камчиликлар, аҳолининг энергия таъминотчиларидан кескин норозилиги. Об-ҳавонинг совиши бу муаммоларни тобора чуқурлаштирмоқда. Энг ёмони, бу ҳақда қанча айтилмасин, қанча кўтариб чиқилмасин мутасаддилар томонидан бирор-бир аниқ чора кўрилмаётганидир.

Хўш, мамлакатимизда аҳолини энергия билан таъминлаш нима учун бундай катта норозиликларга сабаб бўлмоқда? Бунинг асосий айбдорлари аслида ким – истеъмолчими, етказиб берувчими ёки «ўртада турган» бошқа қандайдир бир кучларми?

Тизим автоматлаштирилган, аммо қарздорлик 3,5 триллион

Эсингизда бўлса сўнгги ўн йилнинг бадалига электр ҳисоблагичлар 3-4 марта ўзгарди. Аввалига отам замонидан қолган дискли ҳисоблагичлар электронга ўзгартирилди. Электрон ҳисоблагичлар қўйилиши шарт, дейилганидан кейин ёппасига ҳамма хоҳлаган русумдагисини ўрната бошлади. Кейинроқ, хонадонларга махсус чипли, ҳисобидаги маблағ тугаб қолса ўчиб қоладиган ҳисоблагичлар ўрнатилиш бошланди. Албатта, бу ҳам истеъмолчининг ўз маблағлари ҳисобидан. Аммо, кўп ўтмай бу ҳам «бўлмайди»га чиқарилди. 2019 йилдан электр энергиясини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизими жорий этилиб, бутун мамлакат бўйича «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатиш ишлари бошланди. Бу ҳисоблагичлар тизимдаги йўқотишларга барҳам бериш, истеъмолчи билан аниқ-ҳисоб китоб қилиш, энг муҳими электр энергияси учун фақат олдиндан тўлов қилиш тизимига ўтиш ҳамда қарздорликка барҳам бериши ҳақида роса кўп айтилди. Истеъмолчи билан муносабатлар инсон омилисиз, автоматик бошқарилиши, истеъмолчи ҳисобидаги маблағ тугаса, ўзи автоматик тармоқдан узиб, тўлов қилингандан кейин эса яна автоматик уланиши бот-бот мақтаб гапирилди.

Энди гапни асосий мавзуга бурсак. Яқинда, аниқроғи 28 декабр куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ташкил этилган матбуот анжуманида «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖ бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Жаҳонгир Обиджонов мамлакатимизда электр энергияси тўлови борасида 3 триллион 500 миллиард сўм қарздорлик мавжуд эканини маълум қилди. Унинг қайд этишича, 2020 йил 1 декабрь ҳолатига кўра, аҳолининг электр энергиясидан қарздорлиги 2 триллион 340 миллиард сўмни ташкил қилмоқда. Бундан икки ой олдин – 1 октябрь ҳолатига кўра эса бу кўрсаткич 2 триллион 380 миллиард сўм бўлган.

Афсуски, бундай катта қарздорлик қандай келиб чиққани, икки йилдан буён қарзга ишламайдиган «ақлли» ҳисоблагичлар ўрнатилаётган бўлса, бундай қарздорлар қандай пайдо бўлгани ҳақида лом-мим дейилмаган.

Лекин бир нарса аниқки, ҳозир энг чекка қишлоқдаги энг камхарж оила ҳам хонадонида узлуксиз электр бўлиши учун ҳамма нарсага рози ҳолатга келган. Улар бугун битта эмас, яримта нон еса ейдики, аммо қарз туфайли электрсиз қолишни хоҳламайди, вақтида тўлайди.

Фалон триллион қарздор деб аҳоли, истеъмолчини айбдор қилиб қўйишдан осони йўқ. Лекин ўша мутасадди ўттиз-қирқ йилдан буён битта қишлоқда бирорта янги трансформатор қўйилмагани ёки алмаштирилмагани тўғрисида негадир гапиришни хоҳламайди. Нега йиллар бадалига электр энергияси корхоналарига тушаётган пулнинг муайян қисмидан, иқтисод тили билан айтганда, зарур воситаларни янгилашга бир сўм ҳам йўналтирилмаган ёхуд жамғарилмаган? Қарздорлик тўғрисида оғзини тўлдириб гапираётган мутасадди булар ҳақида нега индамайди?

Дарвоқе, инсон омилисиз, автоматик ишлайдиган «ақлли» ҳисоблагичлар ҳақида яна бир гап. Ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларидан бири шундай ёзади: «Бугун соат 17:22 да SMS келди, 2700 сўм қарздорлигингиз учун тармоқдан ўчирилдингиз деган. Бир минут ҳам ўтмасдан ҳисобимни тўлдирдим. Уйга телефон қилсам, свет ўчмаганини айтишди.

Аммо орадан бир соатдан зиёд вақт ўтгандан кейин светимизни ўчириб қўйишибди. Электр тармоқларининг шаҳар, Сергели туман бўлимларига қайта-қайта телефон қилишга уринишимиз бесамар кетди...

Бир кун светсиз қолганим учун эмас,  шунчаки анчадан бери мени тинч қўймаётган саволларни айтишга бу баҳона бўлди: – Нега бизда қонун-қоидалар давлат учун «чёткий» ишлайди-ю истеъмолчига келганда оқсаб қолади? – Нега қишлоқ жойларда аҳолининг олдиндан тўлаб қўйилган қанча-қанча маблағи электр корхонаси ҳисобида турса-да, истаган вақтда свет ўчирилаверади, лекин бирор марта истеъмолчи ҳуқуқи эсланмайди, аммо аҳоли икки минг сўм қарз бўлиб қолганда «бирданига» қандай ишлаб кетади?

– Тизим автоматлаштирилган экан, нима учун шу автоматик тизим электр корхонаси манфаати учун барқарор ишлайди-ю, истеъмолчи фойдасига бирор марта ҳам адашмайди?

– Ва ниҳоят, бу монопол корхоналар қачонгача аҳолининг устидан кулади?..» Аччиқ бўлса-да, электр энергияси мутасаддилари олдига ҳақли саволлар қўйилган. Биргина электр тармоқларининг «11-54» ишонч телефонига боғланиш қанчалар азоблиги ёки навбатга 74-бўлиб, икки ярим соат телефонда кутиш нима эканини наҳотки шу мутасаддилар билмаса?!

Бир томон манфаатига ишлайдиган шартнома

Юқорида истеъмолчи қўйган савол жуда тўғри ва муаммоли. Аслида ҳар қандай шартнома шартлари икки томон учун ҳам бирдек ишлаши шарт, шунинг учун ҳам у шартнома. Яъни сиз тўловни кечиктирсангиз, маҳсулотдан маҳрум бўласиз ёки пеня тўлайсиз. Худди шундай иккинчи томон ҳам сизнинг олдиндан тўлаб қўйган пулингизга вақтида маҳсулотни етказиб бермадими, марҳамат, у ҳам бунинг «жавобини» берсин.

Электр энергияси учун олдиндан тўлов тизимига ўтилдими, бу билан таъминотчи истеъмолчини узлуксиз равишда электр энергияси билан таъминлаш мажбуриятини бўйнига олган ҳисобланади. Башарти қарз бўлиб қолса, дарров узиб қўйиш ёхуд пеня ҳисоблаш тамойили ишлаётган экан, олдиндан пулини олишга олиб, электрни етказиб бера олмаган вақти учун таъминотчининг истеъмолчи олдидаги жавобгарлиги белгиланиши керак эмасми?

Ҳозир исталган туман электр тармоқлари корхонасига борсангиз тумонат одам, узундан-узун навбат. Уларнинг аксарияти битта сабаб билан келган: «Ҳисобимга пул ташлаганман, лекин светим ёнмаяпти...» Мана шунинг ўзиёқ шартнома фақат бир томонлама ишлаётганига яққол далил аслида.

Электр энергияси таъминотида узилишлар ҳақида гап очилиши билан дарров аҳолининг қарздорлиги пеш қилинади. Ҳатто қарз ундиришнинг антиқа усуллари қўлланилгани, ҳатто «МИБ»чилар одамларнинг уйидаги тўшалган гиламигача кўтариб чиқиб кетган вақтлар бўлди. Бироқ, негадир аҳолининг «қарздорлиги» ҳеч камаймайди. Мана, энди автоматик тизимга ўтиб ҳам истеъмолчи манфаати очиқ-ойдин оёқости қилинмоқда.

Электр муаммоси ҳақида гап очилса, ҳар доим «бир хил қўшиқ» такрорланаверади. Шартномалар эса фақат бир томон манфаати учун ишлайверади.

Бугунги сиёсатга қарши «саботаж»ми бу?

Куни кеча Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев ўзининг телеграмдаги саҳифасида кўпчиликнинг дилидаги гапларни ёзибди. Жумладан, депутат шундай дейди: «Бугун Ўзбекистон бўйлаб энергия инқирози кечмоқда. Айнан ўта оғир кечган 2020 йилдан сўнг, ҳар йилгиданда совуқ келган қиш мавсумида энергия инқирози барчани қийнамоқда! Бу ҳолат нафақат аҳоли орасида кескин норозилик, ижтимоий инқирозни келтириб чиқармоқда, балки иқтисодий фаолликни сусайтирмоқда ҳамда мамлакат иқтисодиётига салбий таъсир ўтказмоқда. Энг ачинарлиси, энергетика соҳасидаги муаммолар охирги йилларда олиб борилган барча ижобий ўзгаришларни «ювиб юборяпти».

Энди ўйлаб кўринг, совуқ қиш, катта оила, на газ, на электр бор. Бу одамлар учун ҳар қандай ислоҳотлар, ҳар қандай қонунлар, қўпол қилиб айтганда, «бир тийин». Уларга фақат бир нарса керак, энергия таъминоти!

Мурожаатлар бўйича шаҳар, вилоят, республика мутасаддилари кимни айблашни билмайди, бир-бирига солади. Энг охирги жавоб эса, қаердадир авария бўлган ва яқин кунларда ҳаммаси яхши бўлади, деган ваъда билан чекланилади. Энергетика вазирлиги эса 30 йилдан бери соҳага инвестиция киритилмаганлиги ҳақида дардини достон қилади. Ундай бўлса, 2020 йил 3-чорак якуни бўйича Энергетика соҳасига йўналтирилган давлат ташқи қарзининг 28 фоизи ёки 5,1 млрд. доллар маблағлар қани? Уларни қандай сарфлашмоқда?

Наҳот, охирги 4 йил давомида соҳада сезиларли ижобий ўзгариш қилиб бўлмаса? Электрон ҳукумат, онлайн хизматлар, рақамли иқтисодиёт деймиз, лекин энергия бўлмаса булардан нима наф? Қайси ислоҳот «эффект» беради бу ҳолатда? Бундай ҳолат олдимиздаги сайлов йилида рўй беришини қандай тушуниш мумкин? Ёки бу давлат раҳбарининг олиб бораётган сиёсатига қарши атай уюштирилаётган «саботаж»ми?

Мамлакатдаги бу ҳолатда энергия инқирози юз беришига сабаб бўлган раҳбарлар истеъфоси энг тўғри йўл бўлади. Аслида демократик давлатларда бундай инқирозлар ортидан раҳбарлар ўз ихтиёри билан истеъфо беради. Лекин бундай қила олиш учун эса, биринчи навбатда, раҳбарда орият бўлиши керак. Бизнинг энергетика соҳа раҳбарларида эса энергетика таъминоти каби орият ҳисси ҳам «инқирозда».

Ҳа, муаммо ҳақиқатдан ҳам жиддий. Бунинг ечими эса соҳадаги монополияга барҳам бериш, фақат таъминотчи манфаатига эмас, аввало истеъмолчи манфаатларига хизмат қиладиган ислоҳотларни амалга ошириш, тизимдаги коррупция, хўжасизликларга бутунлай барҳам бериш керак. Муаммони фақатгина аҳоли қарздорлигига тақаб қўйиш билан иш битмайди. Аҳолидан пул ундиришнинг замонавий шаклларига ўтиляптими, демак аҳолига хизмат кўрсатишда ҳам замонавий ёндашув керак. Бир вақтлар аҳоли қарздорлиги тўғрисида «Қарс икки қўлдан чиқади» деган сарлавҳали мақолалар кўп ёзиларди. Ҳурматли электр энергияси мутасаддилари! Ҳақиқатдан ҳам қарс икки қўлдан чиқади, аҳоли олдиндан пулини тўлаб қўймоқдами, сиз ҳам зиммангиздаги масъулиятни бажаринг!

Ҳусниддин БЕРДИЕВ

Manba: od-press.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!