Ватанга қасамёд – садоқат баёти ва содиқлик онти!

Ватанга қасамёд – садоқат баёти ва содиқлик онти!

Жорий мавсумда миллий армиямиз сафларига муддатли ҳарбий хизматни ўташга чақирилган ўғлонларнинг тантанали Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари  Мудофаа вазирлигига қарашли барча ҳарбий округларда карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда юқори савияда ўтказилди. Тошкент ҳарбий округига янги чақирилган муддатли ҳарбий хизматчилар билан ўтказилган шундай тадбир Чирчиқ шаҳрида бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги Ахборот ва оммавий коммуникациялар департаменти хабар бермоқда.

Ватанга қасамёд – садоқат баёти ва содиқлик онти!

Тантанали маросимда она Ватан олдидаги йигитлик бурчини ўташга шайланаётган муддатли ҳарбий хизматчиларга Мудофаа вазирининг табриги ўқиб эшиттирилди.

Шундан сўнг саф майдонини юракни ҳапқиртирадиган жарангдор сўзлар тутиб кетди:

«…Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига кирар эканман, давлатим тимсоли бўлмиш муқаддас байроқни ўпиб…»

«Ўзбекистон Республикасига, халқимга ва Президентимга бир умр содиқ бўлишга…»

«…Қуруқликда, сувда, ҳавода – ҳар қандай шароитда ҳам ўз бурчимни виждонан бажаришга, ҳар қандай машаққатли синов ва қийинчиликларда ҳам эл-юртимнинг юксак ишончини оқлашга тантанали равишда қасамёд қиламан!»

Ватанга қасамёд – садоқат баёти ва содиқлик онти!

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидан муддатли ҳарбий хизматга чақирилган Жуманазар Қултўраев зиёли оила фарзанди. У она Ватанга хизмат қилишни ўзининг муқаддас бурчи деб билади. У ҳам сафдошлари сингари ҳозир бутун умр эсдан чиқариб бўлмайдиган ҳаяжонни юрагидан ўтказиб турибди.

– Азиз ота-онам, акаларим, жонажон сингилларимнинг ҳаловати учун ҳарбий хизматда ўтказган ҳар бир лаҳзам мен учун ғурур бағишлайди, – дейди у. – Чунки мен ҳам она Ватаннинг ҳақиқий ҳимоячисига айландим. Бугун мен Ватанга қасамёд қилдим. Бу қасамёдимга содиқ қолиб, юртимиз сарҳадларини муносиб ҳимоя қилишга ваъда бераман.

Тантанали маросимда сўзга чиққанлар Ватан мардларига улкан муваффақият ва зафарлар тилади. Ватанга қасамёд – садоқат баёти ва содиқлик онти!

Якунда ҳарбий хизматчиларнинг қўл жанги бўйича кўргазмали чиқишлари, Чирчиқ гарнизони ҳарбий оркестри ва маданият маркази вакилларининг куй-қўшиқлари барчага кўтаринки кайфият улашди.

Ватанга қасамёд қабул қилиш маросимлари Мудофаа вазирлигига қарашли барча ҳарбий округларида  юқори савияда ўтказилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!