Вакцина таъсири қандай назорат қилинади?

Вакцина таъсири қандай назорат қилинади?

“COVID-19” инфекциясига қарши вакцинаси билан 3 фаза клиник-синов эмлаш жараёни ҳамда вакцина қабул қилган кўнгилли кишилар саломатлигидаги ўзгаришлар назорати борасидаги ССВ матбуот хизматининг саволларига Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлик хизмати бошлиқ ўринбосари Ботиржон ҚУРБОНОВ жавоб берди.

— “COVID-19” инфекциясига қарши эмланганлар қандай гигиеник қоидалар, турмуш тарзига амал қилиши талаб этилади ?

— Эмланган шахслар, биринчи навбатда, қўлининг вакцина юборилган қисмини кун давомида ювмаслиги керак. Шунингдек, бир ҳафта мобайнида тўғри овқатланиш қоидаларига амал қилиши, хусусан, спиртли ичимлик ва бошқа зарарли маҳсулотлардан тийилиши талаб этилади. Мавсумга мос равишда кийиниб, грипп, юқори нафас йўллари вирусли касалликларидан сақланиши лозим.

— Вакцина самараси қандай назорат қилинади?

—  Вакцина қабул қилган киши 7 кун давомида саломатлигидаги ўзгаришларни қайд этиб бориши зарур, мисол учун, бир кунда 2 маротаба тана ҳароратини ўлчаши, эмланган жойидаги терида қизариш ёки шиш пайдо бўлиш-бўлмаслигини кузатиши ҳамда ҳолатини дафтарга ёзиб бориши лозим. Агар бошқа касалликлар безовта қилиб, дори воситасини истеъмол қилмоқчи бўлса, албатта, махсус тайёргарликдан ўтган поликлиника шифокорлари билан маслахатлашиши зарур.

Эслатиб ўтамиз, айни пайтда дунё миқёсида клиник-синовлардан ўтказилаётган барча “COVID-19” инфекциясига қарши вакциналар организмга икки марта юборилиши керак. Биринчи маротаба юборилгач, бир ой давомида эмланган кишининг саломатлиги назорат қилиб турилади ва салбий таъсирлар кузатилмаганда иккинчи маротаба вакцина билан эмланади.

Эмланган кишилар ҳар ойда бир маротаба скрининг текширувларидан ўтказилиб, улар организмидаги антитаначалар пайдо бўлиши, унинг миқдори, иммун таранглиги назорат қилиб турилади ва ўзгаришлар кузатилиб борилади.

— Аҳолини коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари қай тарзда амалга оширилмоқда?

— Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Инновацион ривожланиш вазирлиги мутахассислари Хитойнинг “Ayhui Zhifei Longcom Biopharmaceutical” компанияси мутахассислари билан ҳамкорликда Тошкент шахридаги 3 та махсус поликлиникада тиббиёт ходимларига эмлаш жараёнларининг қоида ва меъёрлари борасида ўқув машғулотлари ўтказилди. Айни пайтда ушбу ўқув машғулотларида билим-малакасини оширган 24 нафар шифокор ва яна шунча ўрта тиббиёт ходимлари эмлаш ишлари билан шуғулланмоқда.

 

Бундан ташқари, кўнгилли аҳоли вакилларини эмлаш жараёни Ўзбекистон ва Хитойнинг энг малакали шифокорлари томонидан назорат қилиб борилмоқда. Бир сўз билан айтганда, мамлакатимизда “COVID-19” инфекциясига қарши вакцинанинг 3 фаза клиник-синов эмлаш тадбирларини ўтказиш учун жойларда барча шарт-шароит ва имкониятлар яратилган.

"Дори-Дармон" АК матбуот хизмати


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!