“Ўзкимёсаноат” АЖ: 9,6 миллиард сўмлик минерал ўғитлар камомади аниқланди
АОКАда “Ўзкимёсаноат” АЖ ахборот хизмати раҳбари Ҳожакбар Тўлаганов иштирокида брифинг ўтказилди.
Унда 2024 йилнинг ўтган 9 ойи давомида корхона тармоғида коррупцияга қарши курашиш йўлида амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот берилди.
Таъкидланишича, ҳисобот даврида умумий 49 та тендер танлови ва тузилган шартномалар қайта кўриб чиқилган ва улар бекор қилинган. Бунинг натижасида 18,4 миллиард сўм миқдорида ноқонуний сарфланиши мумкин бўлган маблағларнинг тежалишига эришилди. Бу ҳаракатлар коррупцияга қарши олиб борилган қатъий чора-тадбирларнинг самарадорлигини кўрсатади.
Шунингдек, “Ўзкимёсаноат” AЖда 16 та, “Навоийазот” AЖда 32 та, “Деҳқонобод калий заводи” AЖда 9 та, “Максам-Чирчиқ”AЖда 15 та, “Aммофос-Максам” AЖда 12 та ва “Ўзкимёимпекс” МЧЖда 11 та ички идоравий ҳужжат коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, жами аниқланган 18 та ҳолатда коррупцияга олиб келувчи омилларни бартараф этиш чоралари кўрилди.
Брифингда маълум қилинишича, жисмоний ва юридик шахслардан “Ўзкимёсаноат” ва унинг тармоқ корхоналарига коррупция ва бошқа қонунбузарлик ҳолатлари бўйича келиб тушган 32 та мурожаат текширилди. Текширув натижасида 12 нафар ходим билан меҳнат шартномалари бекор қилиниб, 24 нафар ходим интизомий жавобгарликка тортилди.
–Бундан ташқари, “Ўзкимёсаноат” АЖ бошқаруви раиси буйруғига мувофиқ, махсус ишчи гуруҳ ташкил этилиб, жорий йилнинг 2-чорагида “Навоийазот”, “Максам-Чирчиқ”, “Aммофос-Максам” ва “Деҳқонобод калий заводи” АЖларнинг турли ҳудудлардаги 140 та минерал ўғит омборида текширув ўтказилди. Текширув натижасида 3 та ҳолатда 9,6 миллиард сўмлик минерал ўғитлар камомади аниқланди ва ҳозирги пайтга қадар 5,2 миллиард сўмлик моддий зарар ундирилди. Ушбу чора-тадбирлар “Ўзкимёсаноат” АЖда шаффофлик ва қонунийликни таъминлашга, шунингдек, коррупцияга қарши курашни кучайтиришга йўналтирилган бўлиб, келгусида ҳам бу соҳадаги ишлар изчил давом эттирилади, –деди Ҳ.Тўлаганов.