Бизнес омбудсман Тошкентда ташқи рекламалар олиб ташланаётганига муносабат билдирди
Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил Тошкентда тадбиркорларга тегишли ташқи рекламалар олиб ташланаётганига муносабат билдирди.
Унда айтилишича, ташқи реклама объектларини ўрнатиш тартиби “Реклама тўғрисида”ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан тартибга солинган.
“Шу билан бирга, ўрнатилган ташқи реклама объектлари қонунчилик талабларига мувофиқ равишда бажарилмаса конструкциялар ташқарисида жойлаштирилган плакатлар ва эълонлар ноқонуний ҳисобланиши ва белгиланган тартибда уларнинг эгалари ҳисобидан демонтаж қилиниши лозимлиги белгиланган”, дейилади муносабатда.
Бизнес омбудсман агарда тадбиркорларнинг қонун талабларига мувофиқ ўрнатилган ташқи реклама объектлари ноқонуний бузилаётган ҳолатлар мавжуд бўлса, 11 00 қисқа рақами орқали хабар беришни сўради.
Тошкентда 10 ноябрь куни ноқонуний ташқи рекламаларни олиб ташлаш бўйича рейдлар ўтказиш бошланди.
Хусусан, Миробод ҳокимлиги мутасаддилари иштирокида бугун олиб борилган рейд тадбирларида Нукус, Шаҳрисабз, Фарғона йўли ва бошқа қатор кўчаларда жойлашган кўп қаватли уйларнинг фасад қисми, пиёдалар йўлакларида ўрнатилган 120 дан ортиқ ноқонуний реклама ва турли эълонлар баннерлари демонтаж қилинди.
Яккасарой туманидаги рейдда Бобур ва Нукус кўчаларида жойлашган 16 қаватли кўп қаватли уйнинг фасад қисмига жойлаштирилган реклама баннери тегишли соҳа масъулларининг хулосасига асосан бартараф этилди.
Чилонзор туманида кўчалар ва катта йўллар чеккаларига ўрнатилган ноқонуний реклама баннерларини бартараф этиш ишлари доирасида Арнасой кўчасида жойлашган кўп қаватли уйларнинг олди томонига осиб қўйилган ноқонуний реклама баннерлари олиб ташланди.