Сирдарёда ҳайдовчидан пора талаб қилган катта инспекторга суд ҳукми ўқилди
Маълум қилинишича, Сирдарёда ЙҲХХ катта инспектори ЙТҲ юз берган жойга етиб борган. Ҳодиса содир бўлган жойни кўздан кечириб, йўловчилардан бирининг тан жароҳатининг оғирлик даражасини аниқлаш учун тиббиёт экспертизасини тайинлаган. Ҳайдовчининг бошқарувидаги машинани шу куниёқ жарима майдончасига жойлаштирган. Орадан 4-5 кун ўтгач, ҳайдовчини ўз хизмат хонасига чақирган.
Натижада у ЙТҲ содир этилган бўйича терговга қадар текширув материалларини ҳайдовчининг фойдасига ҳал қилган ҳолда судга чиқариш, суд тиббий экспертизасини енгиллаштириш ҳамда автомашинани жарима майдончасидан чиқариб беришни ваъда қилган.
Бунинг эвазига ҳайдовчидан 400 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни талаб қилган.
Ҳайдовчи ходимнинг бу таклифига рози бўлмасдан ва ўз вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга мурожаат қилган.
Унинг аризасига асосан, ўтказилган тезкор тадбир давомида ЙҲХХ катта инспектори ўз хизмат хонасида 200 АҚШ долларини олаётган вақтида ушланган.
Ҳолат юзасидан суд иши ЖИБ Гулистон шаҳар судида кўриб чиқилди.
Суд ҳукмига кўра, у ЖКнинг 210-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, 3 йил муддатга ИИОда ҳар қандай лавозимда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ҳолда, унга нисбатан 4 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.