Қирғизистонда собиқ Бош прокурорнинг ўринбосари давлат тўнтариши қилмоқчи бўлди
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимлари давлат тўнтариши уюштирмоқчи бўлганларни қўлга олди. Бу ҳақида вазирлик матбуот хизмати маълум қилган.
Қайд этилишича, жамоатчилик ва сиёсий вазиятни беқарорлаштириш ва оммавий тартибсизликлар чиқаришга тайёрланаётган бир гуруҳ аниқланган.
Бу гуруҳ оммавий тартибсизликлар уюштириш, ҳокимиятни куч ишлатиш йўли билан эгаллаш мақсадида тузилган. Ҳар бир иштирокчига ўз вазифалари (ташкилотчилар, ёрдамчилар, молиявий қўллаб-қувватловчилар, бажарувчилар) тақсимланган.
Бишкекнинг чекка ҳудудида спорт ўйинлари ва бошқа мусобақаларни ўтказиш баҳонасида улар конституцияга қарши чақириқлар қилишга, ҳолатни беқарорлаштиришга ва 2024 йил 17 ноябрда ўтказиладиган маҳаллий кенгаш сайловларида ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашга уринишни режалаштирган.
Ўтказилган тергов ва разведка тадбирлари давомида иштирокчилар қўлга тушган. Уларнинг 7 нафари тўғрисида маълумот берилган бўлиб, ҳар бирига турлича вазифалар юкланган. Уйида ўтказилган тинтувда қуроллар ва гранаталар топилган.
Масалан, давлат тўнтариши ўтказганлардан бири хориждаги жанговар ҳаракатларда иштирок этган, унинг вазифалари орасида: жисмоний тайёрланган шахсларни танлаш, уларни ёллаш ва йўриқномалар бериш, алкоголь ичимликлари, озиқ-овқат харид қилиш, оммавий тартибсизликлар вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларининг ҳаракатларини кузатиш ва маълумотни ташкилотчиларга етказиш бўлган. Улар орасида наркотик моддалар сақлагани ва жинояти учун судланганлари ҳам мавжуд.
Асосий ташкилотчи А.у.К., Жалол-обод вилоятидан, собиқ Бош прокурорнинг ўринбосари, унинг вазифаси молиявий таъминот, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари билан алоқалар, улар ҳақида маълумот етказиш, ролларни тақсимлаш ва оммавий тартибсизликлар ва ҳокимиятни зўрлик билан эгаллашда мувофиқлаштириш бўлган.
Шу тарзда, оммавий тартибсизликларни уюштириш ва ҳокимиятни эгаллашга қаратилган бу гуруҳнинг фаолияти тўхтатилган. Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 36-моддаси, 278-моддаси 1-қисми (оммавий тартибсизликларни уюштиришга тайёрланиш, зўрлик, талон-торож, ёндириш, мол-мулкни йўқ қилиш, ўқотар қурол, портловчи моддалар ёки портловчи қурилмалар ишлатиш, ёки ҳокимият вакилларига қуролли қаршилик кўрсатиш) бўйича жиноят иши очилган.