Тошкентда ташкил этиладиган пулли тўхташ жойларининг ягона бошқарувчиси бўлиши кутилмоқда
Тошкент шаҳар ҳокимлиги пойтахт кўчаларида пулли тўхташ жойларини бошқариш ҳуқуқи учун аукцион ўтказади. Бу ҳақда “E-auksion” маълумотларида келтирилган бўлиб, биринчилардан бўлиб Spot эътибор қаратди.
Ижарага бериладиган майдонларнинг умумий ҳажми 262,8 минг квадрат метрни ташкил этади. Бунда қуйидаги кўчалар қамраб олинади:
- Тошкентнинг марказий қисми (жумладан, Амир Темур хиёбони, Мовароуннаҳр, Истиқлол, Яҳё Ғуломов, Ўзбекистон овози, Истиқбол, Содиқ Азимов, Тарас Шевченко, Шаҳрисабз, Яккачинор, Шастри, Маҳатма Ганди, Ҳамид Олимжон, Чехов ва бошқа кўчалар);
- Учтепа ва Чилонзор туманлари (Кичик ҳалқа автомобиль йўли, Фарҳод, Лутфий, Чўпонота, Муқимий, Қатортол, Чилонзор, Арнасой, Есенин, Бешқайрағоч кўчалари);
- Сергели ва Янгиҳаёт туманлари (Янги Сергели, Турсунзода, Алавия, Шокирариқ, Ислом Сатторов, Қипчоқ, Қўрғонтепа, Биродарлик кўчалари);
- Олмазор ва Шайхонтоҳур туманлари (Лабзак, Себзор, Гулобод, Форобий, Белтепа, Қорақамиш, Қорасарой, Шимолий Олмазор кўчалари);
- Бектемир тумани (Ҳусайн Бойқаро кўчаси);
- Миробод тумани (Янги Қўйлиқ кўчаси);
- Яшнобод тумани (Оҳангарон йўли кўчаси, Қуйи Толариқ, Сивец, Қурувчилар кўчалари).
Топографик харитага кўра, пойтахтнинг жами 86 та ҳудудида пулли тўхташ жойлари ташкил этилади.
Ижара муддати — 3 йил. Дастлабки 2 йил ичида ижарачи автотураргоҳларни жиҳозлаш, паркоматлар ва ҳаракатни ташкил этиш воситаларини ўрнатиш, шунингдек, коммуникация ва алоқани амалга ошириш учун камида 5 миллион доллар сармоя киритиши керак.
Йиллик ижара бошланғич нархи 57,21 миллиард сўмни ташкил этади. Автотураргоҳдан тушган тушумнинг камида 1/12 қисми Тошкент шаҳар йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш жамғармасига ўтказилиши керак. Бундан ташқари, ижарачи автотураргоҳлардан мақсадли ва қонуний фойдаланиш мониторингини таъминлаши керак.
Инвестор паркингларга транспорт воситаларини суткасига 24 соат мобайнида жойлаштириш имкониятини, шу жумладан уларда тозаликни сақлаш ва ободонлаштиришга доир ишлар бажарилишини таъминлаши ҳам лозим.
Аукцион 25 ноябрь куни соат 10:00 да бўлиб ўтади, аризалар шу куни соат 9:00 дан кечиктирмай қабул қилинади.
Иқтисодчи Отабек Бакиров Тошкентдаги 50 дан ортиқ энг гавжум ва ликвидли кўчалар битта лотда савдога чиқарилаётганини танқид қилди.
“Агарда аукцион пойтахт маъмурияти истагандек ўца, шаҳарда ягона парковка қироли пайдо бўлади. Ғолиби олдиндан ёпиқ кабинетларда келишилмаган бўлмаса, бу жараённи аукцион дейишга тил бормайди” дейди иқтисодчи.
Унинг таъкидлашича, барча кўчалар битта лотга боғлангани учун аукционга кириш шартлари жуда оғир ва қиммат қилинган, қайсидир аввалдан келишилган ғолибга мослаштирилган бўлиши эҳтимоли мавжуд. 5 миллион долларлик инвестиция шартини бажариш ва бошланғич нархи 57,2 миллиард сўмлик йиллик ижара нархини қабул қилишга журъат этувчи ўнлаб рақобатдош бизнес субъектлар топилмаслиги аниқ. Лекин лотлар 20 та бўлса, аукционга кириш инвестициявий шартлари 100 минг доллардан бошланса, иштирокчилар сони кескин ортади. Аукцион ҳам кескин рақобатли бўлади, ижара ҳақининг нархи аукционда тезроқ ва кўпроқ ошади, давлат ҳам каррасига ютади.