Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади

Ўзбекистонда 2021 йил 1 январдан бошлаб мажбурий тиббий суғурталаш босқичма-босқич жорий этилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–5590-сонли фармони қабул қилинди.

Президент фармонга кўра 2019–2025 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепцияси, 2019–2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантириш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари дастури тасдиқланди.

Вазирлик ва идоралар раҳбарлари Дастурда назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида, тўлиқ ва сифатли амалга оширилиши учун шахсан жавобгар бўладилар.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Молия вазирлиги, Иқтисодиёт вазирлиги ва Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг қуйидагилар тўғрисидаги таклифлари қабул қилинган:

  • 2019 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг 3-иловага мувофиқ айрим туманларида тиббиёт муассасаларини “ҳар бир даволанган ҳолат” учун клиник-харажат гуруҳлари бўйича ва киши бошига молиялаштириш тизимини (кейинги ўринларда – молиялаштиришнинг янги механизмлари) эксперимент тартибида жорий этиш;
  • эксперимент натижаларини танқидий таҳлил қилиш асосида молиялаштиришнинг янги механизмларини 2020 йил 1 апрелдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида босқичма-босқич татбиқ этиш;
  • 2019 йил 1 июлдан бошлаб вилоят ва туман (шаҳар) даражасидаги стационар соғлиқни сақлаш муассасаларида аралаш молиялаштириш тизимини жорий этиш, бунда кафолатланган бепул тиббий хизмат ҳажмига кирмайдиган даволаш турлари пуллик асосда амалга оширилади;
  • 2019 йил 1 июлдан бошлаб айрим даволаш-профилактика муассасаларини ишлаб чиқилган инвестиция лойиҳалари асосида белгиланган тартибда инвесторларга ишончли бошқарувга бериш;
  • 2021 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикасида мажбурий тиббий суғурталашни босқичма-босқич жорий этиш.

Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Молия вазирлиги, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси, манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда 2019 йил 1 июлга қадар қуйидагиларни назарда тутадиган “Мажбурий тиббий суғурталаш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши ва Вазирлар Маҳкамасига киритилишини таъминлайди:

  • мажбурий тиббий суғурталашнинг ҳуқуқий асослари, механизмлари ва жорий этиш босқичлари;
  • мажбурий тиббий суғурталаш субъектларини, ушбу соҳадаги ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш бўйича ваколатли органни, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаш;
  • мажбурий тиббий суғурталаш дастурларини молиялаштириш маблағларини шакллантириш манбалари;

Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда ушбу Фармонни амалга оширишда техник кўмакни таъминлаш, шу жумладан, мажбурий тиббий суғурталашни жорий этиш бўйича тадбирларни техник-иқтисодий асослашни амалга ошириш учун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва халқаромолия институтлари билан ҳамкорликни ташкил этиш чораларини кўради.

Manba: kun.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!