Ўзбекистон қамоқхоналарида «йил қўшиб бериш» амалиёти бўлганми?

Ўзбекистон қамоқхоналарида «йил қўшиб бериш» амалиёти бўлганми?

Ўзбекистонда муқаддам жазони ижро этиш тизимида маҳкумларга, турли сабаб ва важлар кўрсатилиб, «йил қўшиб бериш» амалиёти кузатилган.

Бу ҳақда Ички ишлар вазирлиги Жазони ижро этиш бош бошқармаси бошлиғи Жамшид Султонов «Тараққиёт маркази»да Жиноят-ижроия тизимида олиб борилаётган ишлар самарадорлиги, жазони ижро этиш тизимида ислоҳотларни давом эттириш масалаларига бағишланган давра суҳбатида айтиб ўтди. У «буни инкор этиб бўлмаслиги»ни таъкидлаб ўтган.

«Шавкат Мирзиёев президентлигининг илк кунлариданоқ, ушбу амалиёт алоҳида назоратга олинган. Шунингдек, прокуратура органлари томонидан ҳам қаттиқ назорат қилинади. Жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга нисбатан жазо чораларини қўллаш ва уларни бекор қилиш чоғида прокурорнинг шахсан иштирокини таъминлаш талаб этилади», - дея бош бошқарма бошлиғининг сўзларини келтирган Kun.uz мухбири.

Султоновнинг айтишича, айни пайтда маҳкумларнинг жазо муддатини сунъий равишда узайтириш кузатилмаяпти. Бироқ, Жиноят кодексининг 221-моддасига мувофиқ, озодликдан маҳрум қилиш жойида жазони ўтаётган шахснинг жазони ижро этиш муассасаси маъмуриятининг қонуний талабларига бўйсунмаслиги ёхуд маъмуриятнинг ўз фаолиятини амалга оширишига бошқача йўсинда тўсқинлик қилиши уч йилгача, оғирлаштирувчи ҳолатларда эса беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш этиш жазосини тайинлашга сабаб бўлади.

Қамоқхоналар ислоҳоти халқаро ташкилоти (PRI) мутахассиси Энтони Амаэчи ҳам бу борада ўз фикрларини билдирган.

«Мен мамлакатимдаги бир тажрибани сизларга айтиб ўтмоқчиман. Буюк Британияда ҳибcхона маъмурияти бошқарув тизими ва қонунда кўрсатилмаган ҳолат асосида маҳкумларга «кун қўшиб беришган». Айни пайтда, маҳкум жиддий қоидабузарлик қилса, унинг ҳаракатига мустақил суд ҳуқуқий баҳо беради. Шунингдек, бизнинг тажрибамизда, содир этилиши мумкин бўлган қоидабузарликлар рўйхати ва унга яраша жазо қандай бўлиши аниқ белгилаб қўйилган. Тартибдан четга чиқиб, ўзбошимча жазо тайинланиши мумкин эмас», - деган Энтони Амаэчи. 

Ўзбекистон қамоқхоналарида суд томонидан белгиланган жазо муддатни аллақачон ўтаб, бошқа сабаблар билан жазо муддати узайтирилаётган маҳкумлар мавжуд. 

Маълумот учун, тергов изоляторида ушлаб турилган шахслар ё қамоққа олинганлар қамоқда бўлган пайти муассаса маъмурияти, давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмаларига ўз она тилида ёки бошқа тилларда аризалар, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат этиш ва уларга ёзма жавоблар олиш ҳуқуқига эга.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!