Украинада Telegram'дан фойдаланиш чекланади

 Украинада Telegram'дан фойдаланиш чекланади

19 сентябрь куни Украина Миллий киберхавфсизликни мувофиқлаштириш маркази Telegram мессенжеридан давлат идоралари, ҳарбий тузилмалар ва муҳим инфратузилма объектларида фойдаланишни чеклашга қарор қилди.

Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши матбуот хизмати хабарига кўра, тақиқ давлат хизматчилари, ҳарбий хизматчилар, хавфсизлик ва мудофаа соҳаси ходимлари, шунингдек, муҳим инфратузилма объектларидан фойдаланадиган корхоналарнинг расмий қурилмаларига Telegram'ни ўрнатиш ва улардан фойдаланишга тааллуқлидир. Истисно фақат мессенжердан ўз хизмат вазифалари доирасида фойдаланадиган шахсларга нисбатан қўлланилади.

Украина Мудофаа вазирлиги Разведка бош бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов бу қарорни Россия разведка хизматларининг Telegram фойдаланувчиларининг шахсий ёзишмаларига, жумладан ўчирилган хабарлар ва шахсий маълумотларга киришига оид маълумотлар билан асослади. «Мен ҳар доим сўз эркинлиги тарафдори бўлганман ва ҳимоя қилганман, лекин Telegram муаммоси сўз эркинлиги масаласи эмас, бу миллий хавфсизлик масаласи», - деди разведка раҳбари.

Аввалроқ Буданов бир неча бор Украинада Телеграмъни «Россия мессенжери» деб атаган. Украина Мудофаа вазирлиги ҳам Россия билан алоқадорлиги айтилаётган телеграм каналлари аудиторияси ортиб бораётганидан хавотир билдирди.

Қайд этиш жоизки, аввалроқ Россия расмийлари Telegram'га нисбатан шикоят қилган эди. 2018 йилда мессенжер Россияда блокланган эди, бироқ икки йилдан сўнг чекловлар олиб ташланди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!