АҚШ Федерал захира тизими 2020 йилдан бери биринчи марта асосий ставкани пасайтирди

АҚШ Федерал захира тизими 2020 йилдан бери биринчи марта асосий ставкани пасайтирди

АҚШ Марказий банки вазифасини бажарувчи АҚШ Федерал захира тизими (ФЗТ) асосий ставканинг пасайтирилишини эълон қилди.

Инфляциянинг юқори даражаси ортда қолганига ишонч билдирган ҳолда, Федерал захира тизими асосий фоиз ставкасини 50 базавий пунктга — 4,75%-5% гача пасайтирди.

Бу 2020 йил март ойидан бери, Федерал захира коронавирус пандемияси фонида иқтисодиётнинг пасайишини тўхтатишга ҳаракат қилганидан бери ставканинг илк пасайишидир.

«Сўнгги кўрсаткичлар иқтисодий фаолликнинг ишончли суръатлар билан ўсишда давом этаётганидан далолат беради. Иш ўринлари сонининг ўсиши секинлашди, ишсизлик даражаси юқорилади, аммо ҳамон паст даражада қолмоқда. Инфляция 2 фоизлик мақсадга эришишда янада илгарилаб бормоқда, бироқ ҳамон бироз юқори даражада қолмоқда», — дейилади Федерал захира тизими пресс-релизида.

The New York Times Федерал захиранинг ставкани пасайтириш қарорини «ғайриоддий катта қадам» ва «марказий банкирлар инфляцияга қарши курашда ғалаба қозонганини ва эътиборни меҳнат бозорини ҳимоя қилишга қаратганини аниқ англатувчи сигнал» деб атади.

«Юқори фоиз ставкалари иқтисодиётни секинлаштиради, уй сотиб олиш ёки бизнесни кенгайтириш учун қарз олишни қимматлаштиради, бу эса талабга ҳам, нархларнинг ўсишига ҳам босим ўтказади. Лекин улар ишга олиш жараёнини ҳам секинлаштиради. Буни ҳисобга олган ҳолда, ФЗТ балансни топишга ҳаракат қилади. Расмийлар нарх-навонинг ўсишини ишсизлик кескин кўтарилиб, иқтисодиёт инқирозга юз тутадиган даражада совитмасдан, унинг нормал ҳолатга қайтишини таъминлаш учун ўсишни етарли даражада секинлаштиришга ҳаракат қилмоқда», — дея таъкидлайди газета.

АҚШ Федерал захира тизими ставкасининг пасайиши жаҳон молия бозорларига, жумладан, Ўзбекистон каби иқтисодиёти ривожланаётган мамлакатларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. АҚШда фоиз ставкасининг пасайиши доллар кредитлари ва инвестицияларни янада арзонлаштиради, бу ривожланаётган бозорларга сармоя жалб қилиш, қарз олиш нархининг пасайиши ва экспорт товарларига талабнинг ошишига ёрдам бериши мумкин.

Шу билан бирга, экспертларнинг огоҳлантиришича, бошқа мамлакатлар бозорларида ставкалар бўйича кутилмалар кучайгани сабабли домино эффекти ҳам юзага келиши мумкин.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!