Туркия Ойга учириш учун мўлжалланган гибрид ракетани ишлаб чиқди

Туркия Ойга учириш учун мўлжалланган гибрид ракетани ишлаб чиқди

Туркия гибрид ракета ишлаб чиқди, уни Ойга юбориладиган миссияга жалб қилишни режалаштирмоқда, деб ёзади «РБК» Саноат ва технологиялар вазири Мустафо Варанкка таяниб.

Унинг сўзларига кўра, миссия икки босқичда амалга оширилади: 2023 ва 2028 йилларда. Биринчи босқич доирасида Анқара Ойга учувчиси космик қурилмани олиб чиқади. «Ерга яқин орбитага биринчи парвозни халқаро компаниялар билан ҳамкорликда амалга оширамиз. Аммо бизнинг қурилма Ерга яқин орбитага ўзига хос миллий ракетамиз воситасида етказилади», — деди у.

Вазир 28 февраль куни Delta V Space Technologies Inc. компанияси объектларига ташриф буюрди, у 2017 йилдан буён коинот соҳасидаги лойиҳалар билан шуғулланади. Унинг сўзларига кўра, компания гибрид двигателларнинг ўзига хос технологиясини ишлаб чиққан.

9 февраль куни президент Ражаб Тоййиб Эрдўғон Туркия миллий космик дастурини тақдим этди, у ўнта банддан иборат. Унинг доирасида Анқара ўз космодромини қуриб, коинотга турк космонавтини учирмоқчи, шунингдек, ҳарбий ва фуқаролик эҳтиёжлари учун янги сунъий йўлдошларни учирмоқчи. «Дастурнинг асосий ва энг муҳим миссияси — республикамизнинг юз йиллиги нишонланадиган йилда (2023 йил) Ойга биринчи қўнишни амалга ошириш», — деди Эрдўғон.

Варанкнинг сўзларига кўра, дастур Туркияни «космик соҳада олий лига»га олиб чиқишга қаратилган.

Эслатиб ўтамиз, январь охирида Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон SpaceX раҳбари Илон Маск билан телефон орқали суҳбат ўтказиб, улар Туркиядаги давлат ва хусусий компаниялар билан SpaceX’нинг турли соҳаларда, биринчи навбатда космик технологиялар ҳамда сунъий йўлдошлар қуриш соҳасидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!