Туркий экология кенгаши ташкил этилади

Туркий экология кенгаши ташкил этилади

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг очиқ ва прагматик ташқи сиёсати, ўзаро муносабатларни мустаҳкамлаш борасидаги ташаббуслари туфайли сўнгги йилларда қўшни, яқин ва узоқ мамлакатлар билан мутлақо янги — сиёсий ва иқтисодий алоқалар йўлга қўйилди. Халқаро ҳамкорликнинг янги йўналишлари, янги механизмлари жорий этилди.

Туркий давлатлар ташкилоти(ТДТ) ана шундай янги мулоқот майдонларидан бири ҳисобланади. Ушбу ташкилот 2009 йил 3-октабрда Озарбайжоннинг Нахичеван шаҳрида тузилган. Унга дастлаб Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон ва Қирғизистон аъзо бўлган. Ўзбекистон ушбу нуфузли халқаро тузилмага 2019 йилда қўшилган. Ушбу ташкилотга аъзо давлатлар ҳудуди қарийб 4 миллион квадрат километрни ташкил этади. ТДТ Ўзбекистон қўшилгандан сўнг нуфузи, салоҳияти ва аҳамияти жиҳатидан Евроосиё марказидаги йирик тузилмага айланди.

Мазкур ташкилотнинг асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасида ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришдир.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 6 июль куни Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотининг навбатдаги саммитида иштирок этди. Кун тартибига мувофиқ, минтақавий тинчлик, савдо, инвестициялар, транспорт ва коммуникациялар, таълим ва маданият соҳаларидаги кўп қиррали муносабатларни ҳар томонлама кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалалари кўриб чиқилди.

Президентимиз барча соҳалар каби иқлим ўзгаришларига қарши биргаликда курашиш, «яшил» энергетикани ривожлантириш, Оролбўйи экологик муаммоларига эътиборни қаратиб, бу борада янги ташаббусларни илгари сурди. Шунингдек, мавжуд муаммоларни тизимли ҳал этиш учун вазирлар даражасида Туркий экология кенгашини тузиш таклифи ҳам билдирилди. Мазкур тузилма қароргоҳини экологик офатдан энг кўп зарар кўрган ҳудуд – Оролбўйидаги йирик шаҳар Нукусда жойлаштириш айни муддао бўлиши таъкидлаб ўтилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ноябрь ойида Бокуда ўтказиладиган Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 29-Иқлим саммити (CОP – 29) барча мамлакатларимиз учун улкан тарихий воқеа бўлиши ҳамда Ўзбекистон мазкур нуфузли анжуманда фаол иштирок этиши ва бу борада Озарбайжонга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёр эканлиги билдирилди.

Нуфузли тадбирда Ўзбекистоннинг яшил энергетика соҳасидаги сиёсати, хусусан 2030 йилгача қайта тикланувчи энергия қувватларини кескин ошириш, энергетика балансида уларнинг улушини 40 фоизга етказиш мақсадлари хақида маълумот тақдим этилди.

Албатта, мазкур саммитда давлатимиз раҳбари томонидан илгари сурилган барча йўналишлардаги ташаббуслар аниқ дастур ва лойиҳаларга айлантириш орқали ҳаётга тадбиқ этилади. Бу эса ўз навбатида, туркий давлатларда яшаётган халқларнинг тараққиёти ва тинчлиги учун муҳим аҳамият касб этади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!