Давлат хизматчиларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиши ҳолатларига чек қўйилмоқда
“Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунларда давлат фуқаролик хизматчиларига тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш тақиқланган.
Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан қонун ижроси доирасида вазирлик ва идоралар, давлат муассасалари ва ташкилотлар ходимларининг тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш ҳолатлари юзасидан ўрганишлар ўтказиб келинмоқда.
Хусусан, Агентлик томонидан Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Тоғ-кон саноати ва геология, Олий таълим, фан ва инновациялар, Энергетика вазирликлари ва уларнинг тизимидаги ташкилотлари ўрганилганда, 160 нафар бошқарув ходими 170 тадбиркорлик субъектида таъсисчилик асосида фаолият юритиб келаётгани аниқланди.
Жумладан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг 72 нафар ходими 79 та, Тоғ-кон саноати ва геология вазирлигининг 59 нафар ходими 60 та, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлигининг 22 нафар ходими 23 та, Энергетика вазирлигининг 7 нафар ходими 8 та тадбиркорлик субъектида таъсисчи сифатида рўйхатдан ўтганлиги маълум бўлди.
Юқоридаги қонунбузилиши ҳолатлари бўйича мазкур вазирликларга Агентликнинг тақдимномалари киритилди.
Ўз навбатида, вазирликлар томонидан тақдимномалар танқидий муҳокама қилинган ҳолда тадбиркорлик субъектларида таъсисчилик қилаётган ходимларга нисбатан огоҳлантириш хатлари берилиб, қайд этилган қонунбузилиши ҳолатлари ҳозирда бартараф этилмоқда.