Трамп 2024 йилги сайловларда қатнашишга тайёргарлик кўрмоқда ва буни эълон қилишни 20 январга мўлжалламоқда

Трамп 2024 йилги сайловларда қатнашишга тайёргарлик кўрмоқда ва буни эълон қилишни 20 январга мўлжалламоқда

АҚШ президенти Дональд Трамп 2024 йилги президент сайловларида ўз номзодини илгари суриш имкониятини кўриб чиқмоқда ва 20 январь — янги президентнинг инаугурацияси куни шу билан боғлиқ тадбир ўтказиши мумкин. 

Нашрнинг учта манбаси маълум қилишича, президент ўз маслаҳатчилари билан суҳбатларида тўрт йилдан кейинги сайловлардаги иштироки ҳақида гапирибгина қолмай, кампанияни ишга тушириш тафсилотларини ҳам муҳокама қилмоқда.

Иккита манба сўзларига кўра, президент инаугурация бўлиб ўтадиган ҳафтада, эҳтимол, ҳатто инаугурация куни 2024 йилги сайловларга алоқадор тадбир ўтказиш фикрини ҳам баён қилган.

Ўз навбатида The Washington Post газетаси Трамп йил охиригача келаси президент пойгасида қатнашиш нияти ҳақида эълон қилиши мумкинлиги ҳақида бир ҳафта аввал ёзганди. Бу ҳақда, нашр маълумотлари бўйича, президент ўзининг ишончли шахсларига маълум қилган.

Янги сайловлар бошлангунига қадар Трампнинг олдида даромад олиш вазифаси туради, деб ёзади нашр. The Washington Post маълумотларига қараганда, президент пулли асосда нутқ сўзлаш имкониятларини кўриб чиқмоқда, шунингдек, ўзининг президентлик даври ҳақидаги мемуарларини ёзишга ва телевидениеда чиқишга уриниб кўриши мумкин. Газета ёзишича, Трампга босим ўтказилмоқда, чунки келаси тўрт йил мобайнида у кредитлар бўйича 400 миллион доллар тўлаши керак, бундан ташқари, бир қатор даъволар бўйича катта суд харажатларини ҳам тўлаши мумкин.

Ноябрь бошида Axios нашри Трамп 2024 йилги сайловда ўз номзодини илгари суришни кўзлаётгани ҳақида ёзган эди. Бу республикачи сиёсий маслаҳатчиларнинг хавотирланишига сабаб бўлмоқда, чунки Трамп номзодини қўйса, партиядан чиқадиган бошқа номзодларни имкониятсиз қолдириши мумкин. Axios ёзишича, ҳатто мағлубиятга учраганини ҳисобга олганда ҳам, амалдаги президентнинг келаси сайловларда партиядан илгари сурилиши эҳтимоли барибир юқори.

Politico нашри ва Морнинг Cонсулт ўтказган сўров натижаларига кўра, 2024 йилда праймеризда 53 фоиз республикачилар Трампни қўллаб-қувватлаган бўларди. Вице-президент Майк Пенс 12 фоизга овозга эга бўлган бўларди.

Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп рақиби, Демократлар партиясидан номзод Жо Байден сайловчилар (сайлов ҳайъати аъзолари)нинг кўпчилик овозини қўлга киритса, Оқ уйни тарк этишини маълум қилган эди. Айни вақтда Трамп, унинг фикрича, сайловлар қалбакилаштирилганини яна бир марта таъкидлади ва сайлов ҳайъати аъзоларининг Байденга овоз бериши катта хато бўлишини айтди.

Эслатиб ўтамиз, АҚШда президентлик сайлови 2020 йилнинг 3 ноябрь куни бўлиб ўтди, овозлар бир неча кун давомида ҳисоблаб чиқилди, 7 ноябрь куни АҚШнинг йирик ОАВлари сайловда Байден ғалаба қозонганини маълум қилди. Дональд Трамп эса мағлубиятни тан олмади ва сайлов бўйича судга мурожаат қилишини билдирди. У сайловлар қонунбузарликлар билан ўтган деган фикрда, шунингдек, сайловларда мамлакат конституцияси бузилганини айтган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!