Тошкентда сохта «милиция» ходимларининг қинғирликлари фош бўлди (видео)

Тошкентда сохта «милиция» ходимларининг қинғирликлари фош бўлди (видео)

Фуқаролар Бекзод Адилбеков ва Анвархўжа Шоисаев ички ишлар органи ходимининг хизмат кийимини фойдаланиб, фирибгарлик йўли билан пул топишни кўзлаганди. Бу ҳақда “Тошкент” телеканалининг “Пойтахт вазият” дастурида маълум қилинди.

Улар осон пул топиш мақсадида жорий йилнинг 28 февраль куни соат 16:30ларда Тошкент шаҳар Миробод тумани ҳудудидаги “Болажон” истироҳат боғига келишади ва шу ерда сайр қилиб юрган Ҳакимов ҳамда Юсупованинг олдига бориб, уларни сўроққа тутади. Мақсад - пўписа қилиш орқали пул ишлаб олиш бўлган. Айнан шунинг учун жамоат жойида беҳаё ҳаракатларни содир этганликда айблаб, бу ҳақда улар яшайдиган маҳаллада муҳокама қилмаслик эвазига пул талаб қилишади. 

Жабрланганларнинг аризасига кўра ўтказилган Ички ишлар вазирлиги ҳамда Тошкент шаҳар ИИББ Ўз хавфсизлиги бошқармаси ходимларининг тезкор тадбирлари ўтказилди. Натижада Адилбеков ва Шоисаевлар 80 минг сўм миқдордаги пул маблағини олган вақтида ушланди.

Мазкур ҳолат юзасидан Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилди. Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилиб, уларнинг бошқа жиноятларга алоқадорлиги текширилмоқда.

Manba: xs.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!