Тошкент деҳқон бозорларида 2300 дан ортиқ тарозилар етишмаслиги маълум бўлди

Тошкент деҳқон бозорларида 2300 дан ортиқ тарозилар етишмаслиги маълум бўлди

«Ўзстандарт» агентлигининг ташаббуси билан истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида пойтахтдаги деҳқон бозорларида қўлланилаётган тош ва тарозиларнинг бугунги ҳолати танқидий ўрганилди. Бу ҳақда агентлик матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.

Ўрганишлар натижасида ижобий қадамлар ташлангани билан бир қаторда, узоқ йиллардан буён ўз ечимини кутавериб тақдирга тан берган масалалар ҳали-ҳануз ўз ечимини топмаётгани аниқланди.

Қонунчилик талабларига асосланадиган бўлсак, деҳқон бозорлари маъмурияти сотувчиларни электрон тарозилари билан тўлиқ таъминлаб бериши керак, аммо бозорларнинг раҳбарияти мазкур муаммога кўз юмиши оқибатида сотувчилар ўзларининг шахсий тарозиларидан фойдаланишга мажбур бўлаяпти.

Ўрганишларга кўра, айни кунда Тошкент шаҳри бозорларида 1003 дона хусусий тарозилардан фойдаланилмоқда.

Деҳқон бозорларида жами 2305 дона тарозилар етишмаслиги маълум бўлди.

Жорий  йилнинг ўтган даври мобайнида белгиланган режага асосан, пойтахтдаги 13 табозорларни 964 дона замонавий электрон тарозилар билан таъминлаш керак эди. Минг афсуски, мазкур режа бор-йўғи 59 фоизга бажарилган. Аниқроқ қилиб айтадиган бўлсак, ҳаммаси бўлиб 570 дона тарози харид қилинди холос.

Тошкент шаҳридаги деҳқон бозорларида тарозиларнинг етишмаслиги оқибатида сотувчилар давлат қиёслаш кўригидан ўтказмасдан шахсий тарозилардан фойдаланишларига йўл қўйилмоқда.

«Авиасозлар» бозорида 95 дона, «Аския» бозорида эса 36 дона, «Чилонзор» деҳқон бозорида 42 дона, «Наврўз» бозорида 118 дона, «Олой» бозорида 33 дона, «Сирғали» бозорида 87 дона, «Фарҳод» деҳқон бозорида 218 дона, «Эски жува»да 142 дона, «Юнусобод»да 81 дона, «Қўйлиқ» бозорида 119 дона, «Қорақамиш» бозорида эса 32 дона тарозиларга эҳтиёж юқорилигича қолмоқда.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!