Тавсиялар ёрдам берди

Тавсиялар ёрдам берди

Оила қурган ёшлар баъзида турмуш чорраҳаларида қоқиладилар, шундай пайтда кимдир уларни юпатиб,далда бериб қўллаб-қувватласа,кимдир зарур тавсияларни берсагина,улар ўзларининг хатоларини ўз вақтида тушуниб етадилар. Бу оилага бўлган муносабатларини, бошлаган ҳаётларини яхшилаб оладилар.

1994 йилда Пискент тумани “Навоий” кўчасида туғилиб вояга етган Шаҳноза тақдир тақозоси билан Нурафшон шаҳрига келин бўлиб тушди. Турмуш ўртоғи Сирожиддин билан бахтли ҳаёт кечириб, бир қизнинг ота-оналари бўлишди. Аммо нима сабаб бўлди-ю, Шаҳнозанинг феъли ўзгарди-қолди, атрофдагилари унга ёқмай бетгачопар, қайсар бўлиб қолди. Ҳар нарсадан баҳона топиб, охири жанжал-тўполон кўтариб аразлаб отаси уйига кетди. Келинлари Шаҳнозани уйига, оиласига қайтариш борасида Абдукаримовларнинг олти ой давомида бир неча маротаба қатнаганлари бефойда бўлди.

Сирожиддин Абдукаримов оилада битта ўғил, тўғрисўз, оғир вазмин йигит, ўнта гапирсанг, битта “ҳа” ёки “йўқ”, дейдиганлардан. Оила бир қарашда катта, файзли, яъни қайнона буви, қайнота, қайнона, опа-сингиллардан иборат бўлиб, яшаш учун барча шарт-шароитлар яхши, аммо... негадир аёллар майда-чуйда гапларга ўралашиб қолган, холос.

Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар “Оила” бўлимига мазкур ҳолат бўйича қайнона Жаннат Абдукаримовадан тушган аризада асосий мақсад Шаҳнозани ўғиллари Сирожиддин билан ажратиб беришлари сўралди. Бўлим мутахассислари томонидан иккала қуда хонадонларида ўтказилган суҳбатлар жараёнида бу айнан эр-хотиннинг можароси эмас, балки қайнона ва катта қайнона бувиларнинг келиннинг хатти-ҳаракати бўйича эътирозидан келиб чиққанлиги маълум бўлди. Уларнинг гаплари – “келин тарбиясиз, ҳеч ким билан чиқиша олмайди, эрини ҳурмат қилмайди”дан нарига ўтмади.

Ёш келинчак ва куёвга оила муқаддаслиги, оилада эр-хотиннинг мажбуриятлари, муомала маданияти,рўзғор юмушлари, шарқона менталитетимизга хос бўлиш сирлари ҳамда ўртадаги ёш гўдакнинг тақдири ҳақида тавсиялар бериб ўтилди.Шундан сўнг Шаҳноза ўз оиласига қайтди ва яна бир ажралиш ёқасида турган оила сақлаб қолинишига эришилди.
Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!