Шерободлик Назифа нега боласини бўғиб ўлдирди?

Шерободлик Назифа нега боласини бўғиб ўлдирди?

Бугунги кунда ота-онанинг назоратисиз қолаётган фарзандлар кўнгилларига келган ишни қилишдан чўчишмаяпти. 

Шундайлардан бири Назифа (исм-шарифлар ўзгартирилган) бўлиб чиқди. У 2016 йилнинг ноябрь ойида Шеробод туманида яшовчи Ўктам деган йигит билан танишиб қолди. Шундан сўнг бу йигит билан доимий телефонда гаплашиб юрди. Назифа унга учрашишни таклиф қилди. Йигит унинг бу таклифини рад этмади. 2017 йилнинг март ойи охирларида кеч соат 23:00 ларда Назифанинг яшаш уйи ётоқхонасига Ўктам дераза орқали кириб келди. Хуфиёна учрашувлар шу тарзда бир неча бор давом этди. 

Ўша йилнинг май ойларида эса Назифа бошқа бир йигит – Абдуазиз билан танишиб қолди. Аввалига телефон орқали гаплашиб юришди. Сўнгра кундузи соат 13-14 ларда Абдуазиз ўзининг бошқарувидаги автомашинасида Назифа билан учрашишни бошлади. Бу йигит билан ҳам Назифа икки маротаба ихтиёрий равишда бирга бўлгач, ҳомиладор бўлганини сезиб қолди. Бундан ташвишга тушган қиз дарҳол Абдуазизга қўнғироқ қилди: 

– Мен сиздан ҳомиладорман. Энди нима қиламан? 

– Эсинг жойидами? Қанақасига ҳомиладор бўласан? Бирортаси билан юргандирсан-да. Хуллас, бундай гаплар билан менинг бошимни оғритма! Бола мендан эмас! — деди жаҳл билан Абдуазиз. 

Назифанинг нима қилишга боши қотди. Бу орада у коллежига бориб юраверди. Афсуски, қорни кундан-кунга қаппайиб кетаётганди. У бундан қўрқиб кетди. Қорнини маҳкам боғлаб юрди. Бироқ қачонгача шундай юришини тасаввур қилолмади. Бир куни у яна Абдуазизга ва Ўктамга телефон қилиб ёрдам сўради. 

Жорий йилнинг январь ойи охирларида Ўктам ва Абдуазиз уни Шеробод тумани марказий касалхонасига олиб боришди. УЗИ аппаратига туширишди. Хулосани олиб шифокорга кўрсатишди.

– Бола каттариб кетган, яқинда туғилиши мумкин. Чунки ҳомила 6 ойлик бўлган. Шунинг учун аборт қилишнинг имкони йўқ, – деди шифокор. 

Кейин йигитлар уни автомашинада маҳалласига олиб келиб қўйишиб: 

– Биз сени танимаймиз! – деб кетишди. 

Шундан сўнг у уйида ва коллежга қалин кийиниб, дарсларга бориб юрди. Февраль ойининг охирги кунида тонги соат 9:00 ларда Назифанинг қорнида қаттиқ оғриқ пайдо бўлди. У оғриққа чидай олмай, ўзи ётадиган хонада бақира бошлади. 

Бу бақириқни эшитган онаизори Гулчечак унинг хонасига ўқдек учиб кириб нима бўлаётганини сўради. 

– Ҳар ойда келадиган касалим келди. Ҳамма жойим оғрияпти! – дея бақирди қиз. 

Гулчечак дарҳол унга оғриқ қолдирадиган дори бериб, ҳовлида ўз ишлари билан куймаланиб юрди.

Қизнинг оғриғи босилиш ўрнига баттар кучайди. Ётоқхонасидаги кўрпа устига ётди. Оғриқ кучайганлиги сабабли туғруқ бошланганини сезди. Ўғил бола дунёга келди. Назифа уни нима қилиб бўлса-да йўқ қилиш пайига тушди. Шунинг учун ўйлаб ҳам ўтирмасдан ўзининг кийиб юрган қизил рангли лозимининг ярмини қўли билан йиртиб олиб, чақалоқнинг бўйин соҳасига ўраб, уни уч-тўрт маротаба бўғди. Чақалоқ бир икки типирчилади-ю жим бўлиб қолди. Унинг ўлганини сезган қиз эса шоша-пиша уйининг ёнидан ўтувчи жарликдаги кўлга ташлаб юборишни мақсад қилди.Чақалоғини қўлига олиб, жарлик томонга борди-да уни сувга отиб юборди. Ўзи эса уйига бориб ётиб, ҳеч нарса бўлмагандай ухлади. 

Ўша куни Аслиддин исмли йигит соат 16:10ларда жарликдаги кўлга балиқ овлаш мақсадида бориб, қармоқ ташлаб ўтирган эди, кўлда ётган чақалоқ мурдасини кўриб қолди. Қармоқ билан чақалоқни тортиб олди. Гўдакнинг киндиги кесилмаган, бўйнида бўғиб боғланган қизил рангли мато бўлаги бор эди. Дарҳол бу ҳақида туман ИИБга хабар берди. 

“Ойни этак билан ёпиб бўлмайди”, деганларидек Назифанинг ҳам бу қора қилмишини яшириб бўлмади. Қилмиши фош бўлган Назифа Турдиевага суд 2 (икки) йил муддатга озодликни чеклаш жазосини тайинлади. 
 

Бахтиёр Мамадаминов, жиноят ишлари бўйича Сурхондарё вилояти Қизириқ тумани суди раиси

Хонбиби Ҳиммат қизи, журналист

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!