Санкт-Петербург шаҳри ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Санкт-Петербург шаҳри ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада жадаллаштириш истиқболлари муҳокама қилинди

Ўзбекистон Бош консулхонаси дипломатлари Санкт-Петербург шаҳар савдо-саноат палатаси президенти Владимир Катенев билан учрашув ўтказдилар, деб хабар бермоқда "Дунё" АА.

Мулоқот чоғида Санкт-Петербург шаҳри ва Ўзбекистон ҳудудлари ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари муҳокама қилинди.

Шунингдек, шаҳар ҳукумати аъзолари бошчилигидаги маҳаллий ишбилармон доира вакилларидан иборат делегациянинг шу йил 21-26 апрель кунлари Тошкент шаҳри ва Самарқанд вилоятига амалий сафарини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.

Томонлар сафар давомида "Иннопром. Марказий Осиё" Халқаро саноат кўргазмасида петербурглик бизнес доира вакилларининг иштирокларини ташкил этиш ва Самарқанд шаҳрида "Петербург-Самарқанд: жарроҳлик амалиётининг замонавий усуллари" мавзусида халқаро симпозиум ўтказиш бўйича фикр алмашдилар.

Россия вакилларига 2-3 май кунлари бўлиб ўтадиган учинчи Тошкент халқаро инвестиция форуми ҳақида батафсил маълумот берилди. Тошкент халқаро инвестиция форуми бу нафақат Ўзбекистон, балки бутун минтақа учун муҳим тадбир ҳисобланиши алоҳида таъкидланди.

Учрашув якунида саноат инвестицияларини молиялаштириш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни йўлга қўйиш, Ўзбекистонда анъанавий тармоқларда қўшма сармоявий лойиҳаларини амалга ошириш, икки мамлакатда жойлашган махсус иқтисодий зоналар ва саноат парклари ўртасида тажриба алмашиш мақсадида ўзаро ташрифларни ташкил этиш ва бошқалар тўғрисида келишувга эришилди.

Санкт-Петербург шаҳар савдо-саноат палатаси 1921 йилда ташкил этилган. У Россиядаги йирик савдо-саноат палаталаридан бири ҳисобланади. Палата Санкт-Петербург ва Ленинград вилоятидаги салкам 4000 та кичик, ўрта ва йирик бизнес корхоналари ҳамда тадбиркорларни бирлаштиради.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!