Самарқандда 19 ёшли йигит фожиа қурбони бўлди

Самарқандда 19 ёшли йигит фожиа қурбони бўлди

Кўчага чиқдикми, йўл ҳаракати иштирокчисига айланамиз. Шунинг учун хоҳ пиёда, хоҳ транспорт воситасида бўлсин, йўлларда ҳаракатланишнинг амалда белгилаб қўйилган қоидаларига қатъий риоя қилишимиз шарт.

Бу ўзимиз ва ўзгалар соғ­лиғи ҳамда ҳаёти хавфсизлигининг кафолати эканини доимо ёдда тутишимиз керак.

Ички ишлар вазирлигининг Йўл ҳаракати хавфсизлиги Бош бошқармаси берган маълумотларга қараганда, ўтган 2020 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимизда 2 388 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилган. Ана шу ҳодисаларнинг 624 таси ўлим билан боғлиқ.

Кўнгилсиз ҳодисалар оқибатида 1 746 нафар киши тан жароҳати олган. 2019 йилнинг биринчи ярим йилига таққослаганда, бу кўрсаткич етти фоизга камайган.

Таҳлиллар ушбу кўнгилсиз ҳодисаларнинг 383 таси болалар, 1 154 таси пиёдалар ва 101 таси велосипедчилар иштирокида содир қилинганини кўрсатмоқда. Йўл-транспорт ҳодисаларининг рўй беришига асосан пиёдалар йўлнинг белгиланмаган жойидан кесиб ўтиши, йўлга тўсатдан чиқиб қолиши, велосипед билан йўл­нинг қатнов қисмида ҳаракатланиш, ҳайдовчиларнинг эса, белгиланган тезликка риоя қилмаслиги, қувиб ўтиш ёки қа­­ра­ма-қарши йўналишга чиқиш, рулда ухлаб қо­лиш, автомо­бил­ни маст ҳолда бош­қариш сингари қоидабузарликлари сабаб бўл­ган.­

Автотранспорт воситасини маст ҳолатда бошқариш кўнгилсиз ҳодисаларга олиб келганига ҳаётда жуда кўп марта гувоҳ бўлганмиз.

Мисол учун ўтган йилнинг 31 октябрь куни ҳам шундай бўлди.

Булунғур тумани «Меҳржон» маҳалласи ҳудудидан ўтувчи 4 — Р 47 автомобиль йўлида содир этилган автоҳалокат оқибатида ўн тўққиз ёшли йигит ҳаётдан бевақт кўз юмди.

Автоҳалокат сабабчиси Турдимурод (исм-шарифлар ўзгартирилди) бир кун аввал жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судида қора курсида ўтириб, қилмишлари учун қонун олдида жавоб берган, тавба-тазарру қилган эди. Суд Т. Латиповни Жиноят кодексининг 167-моддаси 1-қисми, 228-моддаси 1-қисми ва 228-моддаси 3-қисмидаги жиноятларни содир этганликда айбдор топиб, Жиноят кодексининг 45, 59, 61-моддалари тартибида икки йил муддатга муайян ҳу­қуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳи­соблаш миқдорининг олтмиш баравари миқдорида (13 миллион 380 минг сўм) жарима жазосига ҳукм қилганди. Турдимурод суд томонидан белгиланган жаримани тўлашга улгурмади, фалокат босиб у яна айбни оғирлаштирувчи ҳо­латда жиноят содир қилди.

Воқеа тафсилоти шундай кечади: Жомбойдан Булунғурга қайтган Т. Латипов соат тахминан ўн тўрт­ларда туман марказидаги ошхоналардан бирига киради. Овқатланиш чоғида спиртли ичимлик ичади. Кечки вақт соат 00.30 ларда бошқарувидаги «Дамас» русумли автомашинада туман марказидан яшаш уйига қайтаётганди. Қарама-қарши томондан келган автомашина чироқлари кўзини қа­маштиради, буниси етмаганидек, қўл телефони ҳам жиринглаб қолади. Спиртли ичимликдан сархуш Турдимуроднинг хаёли телефонга чалғийди.

Олдинги йўналишга қарамасдан ҳаракатланишни давом эттиради.

Худди шу пайтда у билан бир йў­налишда, йўлнинг ўнг томони четки қисмида Х. Хўжақулов «Кама» русумли велосипедини етаклаб ўртоғи А. Самиев билан кетиб боришаётганди. Маст-аласт ҳайдовчи автомашинани чап томонга буришга ҳаракат қилади. Бироқ оралиқ масофа жуда қисқа эди, автомашина олд қисми билан велосипедни етаклаб бораётган Х. Хўжақуловни уриб юборади. Автомашина йўл четидаги дарахт­ларга бориб урилади ва ағдарилиб кетади. Пиёда Х. Хўжақулов оғир тан жароҳати олгани сабабли воқеа жойида вафот этади.

Автомашинани бошқариб бораётган одам ҳеч қачон автоҳалокат рўй беришини истамайди, ўзи­га ҳам, ўзгага ҳам ёмонликни соғинмайди.

Судланувчи Турдимурод Латипов ҳам кўнгилсизлик рўй беради, деб ўйламаганди. Лекин ана шу оқибатни ўйламаслик ниҳояси фожиали якун топди.

Хўш, ҳайдовчи Т. Латипов амалдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»нинг қайси талабларини бузган?

«Йўл ҳаракати қоидалари»нинг 11-банди «г» кичик бандида «транспорт воситасининг ҳайдовчиси ҳаракатланиш жараёнида пиёдалар, айниқса, болалар, ногиронлар, қариялар ва велосипедчиларга нисбатан эҳтиёткорлик чораларини кўриши шарт», 12-банди 1-қисмида «ҳайдовчига транспорт воситасини мастлик ҳолатида бошқариши тақиқланади», 77-бандида «ҳайдовчи ҳаракатнинг серқатновлиги, транспорт воситаси ва юкнинг хусусияти ҳамда ҳолатини, йўл ва об-ҳаво шароитини, шунингдек, ҳаракатланиш йўналишидаги кўринишни ҳи­собга олган ҳолда транспорт воситаси тезлигини белгилангандан оширмасдан бошқариши зарур. Тезлик ҳай­довчига ушбу қоидалар талабларини бажариши учун транспорт воситасининг ҳаракатини доимий назорат қи­либ бориш имкониятини бериши керак. Ҳаракатланиш вақтида ҳайдовчи аниқлай олиш имкония­тидаги хавф юзага келса, у транспорт воситасининг тезлигини тўла тўхтатишни таъминлайдиган даражада камайтириши ёки тўсиқни бошқа ҳаракат қатнашчилари учун хавф туғдирмаган ҳолда айланиб ўтиш чораларини кў­риш керак» деб қатъий белгилаб қў­йилган.

Биз бу қоидаларни бежизга келтирмадик. Гап шундаки, судланувчи Т. Латиповнинг ана шу қои­даларга амал қилмасдан эҳтиётсизлик ва қои­дабузарлик содир этгани бир ёш йигитнинг ҳаёти бевақт завол топишига, ўғли ҳақида ширин орзу-умидларда юрган ота-онанинг кутилмаган йўқотишдан қақшаб қолишига сабаб бўлди.

Суд дастлабки тергов органи томонидан Т. Латиповнинг жиноий ҳаракатлари Жиноят кодексининг 266-моддаси 2-қисми билан тўғри малакаланган деб топди. Ушбу жиноятни эҳтиётсизлик оқибатида содир этилган унча оғир бўлмаган жиноят деб ҳисоблади.

Судланувчининг ўз айбига иқрорлиги, қилмишидан пушаймонлиги, яшаш жойидан ижобий тавсифнома берилгани унинг айбини енгиллаштирувчи, мастлик ҳолатида жи­ноят­ни содир этганини айбни оғирлаштирувчи ҳолат деб эътироф этди.

Энди судланувчи Т. Латиповга нисбатан суд томонидан тайинланган жазо тури ва меъёрига тўхталадиган бўл­сак, Олий суд Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги «Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида»ги 1-сонли қарори 54-бандига эътибор қаратамиз. Ушбу бандда «Жиноят кодексининг 60-моддасида назарда тутилган бир нечта ҳукмлар бўйича жазо тайинлаш қоидалари биринчи ҳукм эълон қилингандан сўнг, лекин ўша ҳукм бўйича тайинланган асосий ва қўшимча жазолар тўлиқ ўталганга қадар маҳкум томонидан янги жиноятни содир этилган ҳолларда қўлланилади»деб судларга раҳбарий тушунтириш берилган.

Таъкидланганидек, жиноят ишлари бўйича Жомбой тумани судининг судланувчи Т. Латиповга нисбатан 2020 йил 30 октябрдаги ҳукми қонуний кучга кирмаган ва ижрога қаратилмаган. Суд қонунчиликдаги бир неч­та ҳукмлар бўйича жазо тайинлаш қоидаларига риоя қилган ҳолда, Жи­ноят­ кодексининг 59-моддаси 8-қисми тартибида ҳукм билан тайинланган жазоларни тўлиқ қўшиб ҳи­соблашни лозим топди.

Суд ҳукми билан Т. Латипов беш йил муддатга озодликдан маҳрум этилди. Бундан ташқари суднинг ҳукми билан тайинланган икки йил муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиш қўшимча жазоси алоҳида ижрога қаратилди.

Хулоса қилиб айтганда, «Йўл ҳа­ракати қоидалари»га риоя этмаслик, эҳтиётсизлик ва қоидабузарлик ҳеч қачон яхшиликка олиб келмаган, келмайди ҳам. Маст ҳолатда автомашина бошқариш ва ҳушёрликни йўқотиш бир инсон умрига зомин бўлгани ҳаммани ҳушёр тортирмоғи лозим.

Ғайрат НЕЪМАТОВ,

жиноят ишлари бўйича

Булунғур тумани суди раиси,

Абдуҳамид ХУДОЙБЕРДИЕВ,

журналист


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!