Самарқанд ва Шинжон-Уйғур ҳамкорлиги ривожланади

Самарқанд ва Шинжон-Уйғур ҳамкорлиги ривожланади

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Шинжон-Уйғур автоном райони (ШУАР) Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз бошчилигидаги делегация Самарқандга ташриф буюрди.

Самарқандда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов ва ШУАР Халқ ҳукумати раиси Эркин Туниязнинг учрашувида кейинги йилларда мустаҳкамланиб бораётган Ўзбекистон – Хитой муносабатлари икки давлат минтақалари ўртасида савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга туртки бераётгани таъкидланди.

– Давлатларимиз раҳбарларининг қатъий иродаси, Ўзбекистон ва Хитой стратегик шериклик муносабатларини ривожлантиришга қаратилган фаол сиёсати натижасида Шинжон-Уйғур автоном райони билан ҳамкорлигимиз кенгайиб бормоқда, – деди Э.Турдимов. – Ўтган йил ШУАР раҳбариятининг вилоятимизга ташрифи, шунингдек, жорий йил бошида бизнинг Шинжонга сафаримиз икки томонлама муносабатларимизда янги саҳифалар очди, десам хато бўлмайди. Сизнинг Самарқандга бу галги ташрифингиз ҳам яқинда Урумчида имзоланган Самарқанд ва Шинжон-Уйғур автоном райони ўртасида дўстона ҳамкорликни ривожлантириш бўйича шериклик битимининг амалий натижаси деб биламан. Ишонаманки, Сиз бошчилигингиздаги делегация билан бугунги учрашув ва икки минтақа тадбиркорларининг бизнес-форуми савдо-иқтисодий, инвестициявий ҳамкорлигимизда яна бир муҳим қадам бўлади.

Ўз навбатида ШУАР Халқ ҳукумати раиси Эркин Тунияз самимий қабул ва юксак меҳмондўстлик учун миннатдорлик билдириб, делегация икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлаш ниятида Самарқандга катта мақсадлар билан келганини таъкидлади.

– Аввало, кеча Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Бош вазир Абдулла Арипов билан учрашувларимиз жуда самарали бўлганини таъкидлашни истардим, – деди Эркин Тунияз. – Ана шу мулоқотлардан руҳланиб, Самарқандга келиб, бу ерда ҳам илиқ ва самимий муносабатни ҳис қилдим, Регистонга бориб қадимий ва муштарак тарихимизга гувоҳ бўлдим. Биз Самарқандга ШУАР ва минтақалар раҳбарияти, савдо-иқтисодий алоқаларга масъуллар қаторида йирик компания ва етакчи тадбиркорлардан иборат элликдан ортиқ ишбилармон билан бирга келганмиз. Олдимизга аниқ мақсад қўйилган – Самарқанд билан савдо-иқтисодий, маданий алоқаларни изчил ривожлантириш, ҳамкорликда қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқчимиз.

Учрашувда Самарқанд ва ШУАРда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштириш ва қайта ишлаш, электротехника, фармацевтика, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, туризм соҳаларида мавжуд имкониятлар ва улардан фойдаланиш, ҳамкорликда лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан фикр алмашилди.

Эркинжон Турдимов Хитой томонига вилоятнинг Пахтачи туманида қурилиш материаллари ишлаб чиқариш, Нурободда кимё саноати бўйича ҳамкорлик қилишни таклиф қилди. Пайариқ туманида эса сув тежовчи технологияларни жорий этиш, қишлоқ хўжалик маҳсулотлари лабораторияси ташкил этишга зарурат борлигини қайд этди. Шунингдек, Шинжон-Уйғур автоном районининг пахта етиштиришдаги илғор тажрибасини инобатга олиб, пахта уруғчилиги ва селекцияси бўйича уларнинг тажрибасидан фойдаланиш истагида эканлигини билдирди.

ШУАР Халқ ҳукумати раиси бу таклифларни қўллаб-қувватлашини таъкидлаб, шу ернинг ўзида масъулларга топшириқ берди ва хитойлик тадбиркорларни ушбу йўналишларда лойиҳаларни амалга оширишга даъват қилди. Самарқандлик тадбиркорларни шу йилнинг июнь ойида Урумчида анъанавий тарзда ўтказиладиган “Экспо Хитой-Евроосиё” кўргазмасига таклиф қилди. Шунингдек, Самарқанд билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилишдан манфаатдорлигини билдирди. Эркин Тунияз Урумчи ва Самарқанд шаҳарлари ўртасидаги авиқатновларни кўпайтириш ҳамда Қашқар ва Самарқанд йўналишини йўлга қўйишни таклиф қилди.

Учрашувдан сўнг Самарқанд ва Шинжон-Уйғур автоном райони минтақалари раҳбарлари ва тадбиркорлари иштирокида бизнес форум ўтказилди.

Ўзбекистон ва Шинжон ўртасида минтақавий савдо иқтисодий ҳамкорлик бўйича ишчи гуруҳи тузиш тўғрисида, томат пасталари ишлаб чиқариш лойиҳаси бўйича ва бошқа кўплаб икки томонлама ҳужжатлар имзоланди.

Бизнес-форумда Самарқанд вилоятининг инвестицион салоҳияти тўғрисида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, “Ургут” эркин иқтисодий зонаси дирекцияси, ШУАР тараққиёт ва ислоҳот қўмитаси ҳамда Урумчи шаҳар раҳбарияти, Самарқанд вилояти тажрибаси асосида ривожланирилаётган Нукус тумани ҳокимлиги ва бир қатор йирик компаниялар томонидан тақдимотлар ўтказилди. Тадбиркорларнинг B2B форматдаги учрашувлари уюштирилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!