Роберт Кеннедига қарши тергов бошланди

Роберт Кеннедига қарши тергов бошланди

Америка ҳуқуқ-тартибот идоралари АҚШ президентлигига собиқ номзод кичик Роберт Кеннедига нисбатан тергов бошлади: сиёсатчи 30 йил аввал ўлик китнинг бошини арра билан узиб олиб, уйига олиб кетганликда гумонланмоқда, деб ёзади Associated Press АҚШ денгиз балиқчилиги миллий хизмати баёнотига таяниб.

2012 йилда сиёсатчининг қизи Кетлин Кеннеди Town and Country журналига берган интервюсида, 1994 йилда отаси уни Атлантика океанидаги Ҳаяннис портига олиб боргани ва у ерда қирғоққа чиқиб қолган китни кўришгани ҳақида айтиб берган.

Ўша пайтда жонивор аллақачон нобуд бўлганди. Кичик Кеннеди “моторли аррани олиб, китнинг бошини кесиб олди ва уни оилавий мини фургоннинг томига ортди”, сўнгра Нью-Йорк штати, Маунт Киско шаҳридаги уйи томон беш соат йўл босди, дейди қиз ўз ҳикоясида.

“Ҳар сафар катта йўлда тезликни оширганимизда, автомобил ойнасига кит жасадининг суви сачрарди, бу дунёдаги энг жирканч нарса эди. Ҳаммамиз бошимизга фақат оғиз қисми тешик полиэтилен пакетлар кийиб олгандик, автомагистралдаги одамлар бизга ўрта бармоқларини кўрсатишарди, лекин биз учун бу одатий ҳол эди”, — деб эслади Кетлин.

14 сентябр куни Кичик Кеннеди Аризона штатида Республикачилар партиясидан АҚШ президентлигига номзод Доналд Трамп тарафдорлари митингида уни 30 йил олдинги кит воқеаси учун жавобгарликка тортишмоқчи эканлигини айтди.

У қонунни бузганини тасдиқламади ҳам, инкор ҳам этмади, аммо бу тергов унинг Трампни қўллаб-қувватлашига алоқадорлигини таъкидлади. Кичик Кеннеди, шунингдек, ушбу ҳолат бўйича айб қўйиш муддати аллақачон ўтиб кетганини айтди.

АҚШда қонун билан ҳимояланган ҳайвонларнинг, хоҳ тирик бўлсин, хоҳ ўлик, ҳар қандай қисмига эгалик қилиш ноқонуний ҳисобланади.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!