Қозоғистон мамлакатга кирувчи чет элликлар учун чекловларни кучайтирди

Қозоғистон мамлакатга кирувчи чет элликлар учун чекловларни кучайтирди

Коронавирус тарқалиши муносабати билан Қозоғистон ўз давлат чегарасини кесиб ўтиш бўйича чеклов чораларини кучайтиради. Бу ҳақда республика бош вазири Аскар Мамин маълум қилди.

Коронавирус тарқалишига йўл қўймаслик бўйича идоралараро комиссия қарорига кўра, Қозоғистонда яшаш учун гувоҳномага эга чет элликлар ва уларнинг оила аъзолари учун, шунингдек, Қозоғистон фуқароларининг оила аъзолари бўлган чет элликлар учун мамлакатга кириш тартиби ўзгартирилади. «Кўрсатиб ўтилган тоифадаги шахслар давлат чегарасини 90 суткада кўпи билан бир марта (бунгача 30 суткада эди) кесиб ўтиши мумкин», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, келаси йилнинг 1 майига қадар 57 та мамлакат фуқаролари учун визасиз режим тўхтатилади, 2021 йил 1 январгача эса ХХР ва Ҳиндистондан келувчи транзит йўловчилар учун Қозоғистон ҳудудида 72 соатлик визасиз бўлиш имкониятини тўхтатиш режими узайтирилади. Шунингдек, идоралараро комиссия шу йилнинг 9 ноябридан Туркия билан авиарейслар сонини ҳафтасига 33 дан 20 тагача камайтириш ҳақида қарор чиқарди.

Қозоғистон ССВнинг сўнгги маълумотларига кўра, мамлакатда 113 минг киши коронавирусга чалинган. Шулардан 106 минг нафари соғайган, 1861 нафари вафот этган. Ўтган бир кеча-кундузда эса 442 кишида коронавирус аниқланган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!