Президентнинг 500 га яқин эскирган ҳужжатлари ўз кучини йўқотди

Президентнинг 500 га яқин эскирган ҳужжатлари ўз кучини йўқотди

«Ўз аҳамиятини йўқотган қонунчилик ҳужжатларини қайта кўриб чиқиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида» президент фармони қабул қилинди.

Фармон билан президентнинг ўз аҳамиятини йўқотиб, ижтимоий муносабатларни тартибга солишда иштирок этмаётган 500га яқин ҳужжатлари ўз кучини йўқотган деб топилди.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигига икки ой муддатда хатлов натижасида аниқланган Ҳукуматнинг 2 мингдан ортиқ эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган қарорларини қайта кўриб чиқиб, тегишли ҳужжатларни бекор қилиш бўйича таклиф киритиш вазифаси юклатилди.

Фармонга асосан, Адлия вазирлиги марказий аппаратида 10та штат бирлигидан иборат Тартибга солиш таъсирини баҳолаш бошқармаси ташкил этилмоқда.

Бошқарманинг асосий вазифалари қуйидагилар этиб белгиланмоқда:

  • тартибга солиш таъсирини баҳолашга масъул ташкилотларнинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича фаолиятини мувофиқлаштириш ва уларга услубий ёрдам кўрсатиш;
  • норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш ҳамда аниқланган коррупциоген омилларни бартараф этишга қаратилган чоралар кўриш ва тавсиялар ишлаб чиқиш;
  • коррупция келиб чиқишига шароит яратаётган қонунчиликдаги ҳуқуқий бўшлиқлар, қоидалар ва нормаларни аниқлаш.

Фармон билан қонунчиликка қуйидаги янгиликлар ҳам киритиладиган бўлди:

  • Олий Мажлис палаталари, Президент, Вазирлар Маҳкамаси ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг индивидуал ва ташкилий хусусиятга эга ҳужжатларини улар томонидан қабул қилинадиган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан фарқлашнинг аниқ мезонларини қонун даражасида белгилаш;
  • янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий этиш;
  • Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш, тадбирлар ўтказиш юзасидан қабул қилинган ҳужжатларни тегишли йил якуни бўйича ўз кучини йўқотган деб топиш амалиётини жорий этиш;
  • эскирган ва ўз аҳамиятини йўқотган, бюрократик тўсиқ ва ғовларни аниқлаш ҳамда уларни бекор қилиш, шунингдек тарқоқ ҳолда тартибга солинаётган ижтимоий муносабатларни тизимлаштириш.

Фармон билан 2021 йил 1 июнга қадар барча амалдаги Олий Мажлис палаталари қарорлари ва ҳокимларнинг норматив-ҳуқуқий тусдаги қарорларини Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси – lex.uz сайтига киритиш вазифаси қўйилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!