Президент рафиқалари кийинишда нималарга амал қилиши керак?

Президент рафиқалари кийинишда нималарга амал қилиши керак?

Турли мамлакатларнинг биринчи хонимлари қандай либос кийишлари, ўзларини қабул ва ташрифлар вақтида қандай тутишлари маълум қолипларга солинган тарзда белгиланади. Президентларнинг рафиқалари ҳам ушбу қоидаларга амал қилиши жуда муҳим, зотан уларнинг ташқи кўриниши мамлакат имижининг бир қисми ҳисобланади. Хўш, бугунги кунда мамлакатларнинг биринчи хоними саналмиш таниқли аёллар кийиниш борасида қандай қоидаларга амал қилишади?

Либослар ранги

Давлат раҳбарининг рафиқалари томонидан танланган либослар ўта ёрқин рангда бўлмаслиги керак. Диққат билан қарасангиз, уларнинг аксарият қисми сокин рангдаги либосларга мойиллик билдиришларининг гувоҳи бўласиз. Ўта ёрқин рангли ва тушунарсиз безакларга эга либослар  биринчи хонимлар кўринишига путур етказиб қўйиши мумкин.

Колготка ҳам аҳамиятга эгами?

Албатта! Стилистларнинг айтишича, бу биринчи хонимлар гардеробининг ажралмас қисми саналади. Улар образлари учун қандай либос танламасин, ҳеч бўлмаганда тери рангидаги шаффоф колготка кийган бўлиши лозим. Ушбу қоида қироллик оилалари вакилалари орасида ҳам кўпдан бери мавжуд.

Байрамона муҳитда эса уларни қора колготка кийган ҳолатда ҳам учратиш мумкин экан.

Бироқ АҚШ президентининг умр йўлдоши Мелания Трамп ушбу қоидага унчалик ҳам диққат қаратмайди. У расмий тадбирлар чоғида ҳам ушбу қоидага зид равишда иш кўриши мумкин. Балки бу унинг авваллари модел бўлгани ва бошқалардан ажралиб туришни хуш кўриши билан боғлиқдир?

Босоножка кийиш тақиқланади!

Мамлакатларнинг биринчи хонимлари орасида расмий тадбирларга туфли эмас, босоножка кийиб бориш ҳолати деярли учрамайди. Улар ўта иссиқ ва ҳаттоки жазирама ҳаво шароитларида ҳам очиқ кўринишдаги пойабзал кийиши мумкин эмас.

Аргентина президентининг рафиқаси Хулиана Авада ушбу қоидани бир неча бор бузгани учун дизайнерлар томонидан кескин танқид қилинган эди. Унинг иссиқ кунларда туфли эмас, босоножка кийиши, баъзан эса колготка ҳақида ҳам унутишига бир эмас, иккита дипломатик дресс-код қоидаларини бузиш дея таъриф берилган.

Заргарлик буюмлари ҳақида унутамиз!

Мамлакатнинг биринчи хоними бўлмиш аёллар орасида ёзилмаган қоида мавжуд: улар ҳеч қачон омма қаршисида қимматбаҳо тақинчоқлар тақиб олган ҳолатда намоён бўлишмайди. Аксарият мамлакатларда бу нарса ҳашамат ва бойлик билан мақтаниш сифатида баҳоланади. Ушбу қоида нафақат биринчи хонимлар, балки қироллик оилалари аъзоларига ҳам бирдай тегишли.

Қимматбаҳо заргарлик буюмларини ҳаддан ташқари тез-тез тақиш, либослар учун ўта кўп пул сарф этиш оқибатида кўплаб қироллик оилалари ҳам одамлар томонидан танқид қилинган. Мисол учун, Сассекс герсогиняси Меган Маркл ҳам ўзининг қимматбаҳо либослари ва заргарлик буюмлари сабабли халқнинг танқидига дучор бўлганди.

Сарафан

Сарафан керакли даражада узун, сокин рангда, етарлича ҳамёнбоп нархда бўлиши, туфли билан кийилишидан қатъи назар биринчи хонимлар гардеробида асло бўлмаслиги керак. Бунинг сабаби, ушбу либоснинг юқори қисми етарлича ёпиқ эмаслигидир. Президентлар ва қиролларнинг рафиқалари иссиқ кунларда ҳам елкалари бутунлай ёпиқ бўлган либос кийиб юришга мажбур. Уларга енгсиз либос кийиш ҳам таъқиқланган, бу халқаро этикет қоидаларига асло тўғри келмайди.

Ранг-баранг либослар

Юқорида тилга олинганидек, биринчи хонимлар гардеробидаги аксарият либослар сокин рангларда бўлмоғи даркор. Либосларда ўта жимжимадор нақшлар мавжуд бўлиши, шунингдек, образда 2-3 хил рангдан кўпи ишлатилиши ҳам мумкин эмас.

Бундан ташқари, биринчи хонимлар образи турмуш ўртоқларининг ташқи кўринишига ҳам уйғун тарзда танланиши керак. Ўз вақтида АҚШнинг биринчи хоними саналган Мишел Обама турли тадбирларга ўта ёрқин, гулли ва этник нақшларга эга либослар кийиб борар, бу эса Барак Обаманинг либосларига мутлақо мос келмасди. Шу сабабли ҳам Мишел Обама образлари кўп ҳолларда мутахассислар томонидан жиддий танқид қилинган.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!