«Prague Masters». Нодирбек Абдусатторов қўпол хато туфайли ютқазди

«Prague Masters». Нодирбек Абдусатторов қўпол хато туфайли ютқазди

Чехия пойтахти Прага шаҳрида шахмат бўйича "Prague Masters" халқаро мусобақасида бугун 6-тур ўйинлари бўлиб ўтди.

Ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов бу турда ҳиндистонлик Рамешбабу Прагнанандҳага қарши оқ доналарда ўйнади. Ҳамюртимиз дебютдан кичик устунлик билан чиқди. Боз устига, рақиб кичик ноаниқликларга йўл қўя бошлади. Бироқ Абдусатторов ўша паллада энг аниқ юришларни топа олмади. У бошқа режа бўйича кетди. Натижада вазият тенглашиб қолди.

Рамешбабу дурангга розидек ҳаракат қилаётганди, аммо Нодирбек 36-юришда ўта қўпол хатога йўл қўйди. Бунинг оқибатида ватандошимиз бир сипоҳи — Филдан айрилди ва устунлик Прагнанадҳа томонига ўтиб кетди.

Прагнанандҳа эса устунликни қўлдан чиқармади ва баҳсни ғалабагача олиб борди.

Нодирбек Абдусатторов мағлубиятга қарамай, жадвалда яққол пешқадамлигича қолди. Унинг ҳисобида 4,0 очко мавжуд бўлса, Ричард Раппорт, Праҳам Мақсудлу ва Рамешбабу Прагнанандҳа ҳисобида 3,5 тадан очко мавжуд.

Ватандошимиз 5 март, сешанба куни германиялик Винсент Кеймерга қарши қора доналарда ўйнайди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!