Поплик учта фермер пахтага аралаштирилиб топширилган 3 тонна қум ва тупроқ билан қўлга тушди

Поплик учта фермер пахтага аралаштирилиб топширилган 3 тонна қум ва тупроқ билан қўлга тушди

Юртимизда пахта мавсуми давом этмоқда, шу кунларда эса терилган хомашёни пахта тозалаш масканларига топшириш жараёнлари ҳали якунига етганича йўқ. Бу ишлар ҳар йили муттасил ташкил этилса-да, йилдан-йилга бу борада янгича фирибгарлик усуллари ўйлаб топилмоқда. Ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан эса улар фош этиляпти. Худди шундай найранглардан бири кишини ҳайратга солади. 

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Наманган вилояти Поп тумани “Поп пахта тозалаш”АЖ мансабдор ва моддий жавобгар шахсларининг жиноий режаларига нуқта қўйилди. Ўтказилган тезкор тадбирда, пахта топшириш Маскани бригадири Фурқат Раҳимов, “Шамсиддин-Дилдора” фермер хўжалигида терилган пахта хомашёси остига яширилган 1 тонна тупроқ ва қумни ўтказиб бериш эвазига Шуҳрат Усмоновдан 300 АҚШ доллари ва 400 минг сўмни олиб, қум ва тупроқни жамият ҳудудига тушириб чиққан вақтида ашёвий далиллар билан қўлга туширилди.

Шунингдек, тезкор тадбир жараёнида тумандаги “Олтин замин Расул” ва “Абдурашид ота Т” фермер хўжаликларининг пахта хомашёлари олиб келинган транспорт воситаларининг ҳар бирида полиэтилен қопларда бўлган 1 тоннадан тупроқ ва қум борлиги аниқланди. Умуман, учта фермер хўжалиги томонидан 3 тонна қум ва тупроқ шу куни сотилган 9 694,7 минг сўмлик пахта хомашёси ўрнига ўтказилганлиги аниқланган.

Бу ҳали ҳаммаси эмас, эътибор беринг жамият ҳудудидаги 27-бунтнинг ичида тупроқ уюмлари мавжуд бўлиб, пахта сақлаш майдончасида мавжуд хомашё 1-нав 1-синфга мансублиги ва уни ичига 1,8 тонна тупроқ аралаштириб юборилганлиги Департамент ходимлари томонидан фош этилди. Мазкур алмаштириб қўйилган тупроқ учун давлатдан 6,313 минг сўм пул ундирилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан “Поп пахта тозалаш”АЖ қошидаги ПТМ бригадири Фурқат Раҳимов ва жамиятнинг бошқа мансабдор ҳамда моддий жавобгар шахсларига нисбатан ЖКнинг 167-моддаси 2-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, пахта ҳосили деҳқон учун она Ватанига, халқига хизмат қилиш, юрт ривожига ҳисса қўшиш билан баробар. Аммо оппоқ пахтага қора доғ тушираётган юқоридаги каби кимсалар афсуски миллий бойлигимизни ўз нафсини қондириш, чўнтагини қаппайтириш манбаи, деб ўйлаяпти. Ҳолбуки, бу каби жиноятларни содир этган ёки этишга уринган шахслар, албатта, қонун олдида жавоб беришади.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси 

ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа 

маркази билан ҳамкорликда тайёрланди

 

Manba: ЎзА


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!