Покистонда намойишчилар ва полиция ўртасидаги тўқнашувда олти киши ҳалок бўлди
Покистон собиқ бош вазири Имрон Хоннинг қамоқдан озод этилишини талаб қилган тарафдорлари полиция билан тўқнашиб, Исломобод марказида расмийлар ўрнатган тўсиқларни бузиб ўтди. Ҳар икки томондан камида олти киши ҳалок бўлди, деб ёзади ВВС.
Тез орада полиция ва аскарлар намойишчиларни тарқатиб юборишга муваффақ бўлди.
“Исломободда кескинлик кечаси жонланмоқда, ПТИ тарафдорлари қўшни ҳудудларда тўпланиб, ҳозирча тўқнашувлардан қочаётганга ўхшайди”, – деб хабар беради BBC.
ПТИ Имрон Хоннинг партияси, Покистон Адолат ҳаракати (Покистон Теҳрик-э-Инсаф).
Покистон Бош вазири Шаҳбоз Шарифнинг айтишича, намойишчилар ўз машиналари билан тўрт нафар аскарни босиб ўлдирган.
ПТИ матбуот котиби Зулфиқор Бухорийга кўра, намойишчилар томонидан икки киши ҳалок бўлган, 30 киши яраланган. Ҳалок бўлганларнинг бирига ўқ тегиб кетган, иккинчисини машина босиб қолган.
Томонларнинг бу баёнотларини текшириш ҳали қийин.
Исломободда Имрон Хоннинг минглаб тарафдорлари ўтган йили коррупцияда айбланиб қамалган 72 ёшли собиқ бош вазирнинг озод этилишини талаб қилиш учун йиғилган.
Намойишчилар Исломободнинг марказий майдонига тўпланмоқчи бўлган, бироқ расмийлар асосий кўчалар ва йўлларни юк контейнерлари билан тўсиб, мамлакатнинг турли бурчакларидан пойтахтга ҳарбийлар ва полициячиларни олиб келишган.
Намойишчилар билан полиция ўртасида тўқнашувлар келиб чиққан, намойишчиларга қарши кўздан ёш оқизувчи газ ва резина ўқлардан фойдаланилган.