Ироқда аҳолини рўйхатга олиш якунланди ва унинг аҳолиси сони эълон қилинди
Ироқ бош вазири Муҳаммад Шиа ас-Суданий 20-21 ноябрь кунлари сўнгги 37 йил ичида биринчи марта ўтказилган аҳолини рўйхатга олиш якунлари ҳақида баёнот берди, дея хабар қимлди Ироқнинг расмий INA хабар агентлиги.
"Ироқ аҳолиси 45 миллиондан ошди”, - дея маълум қилди Суданий. Унинг айтишича, шаҳар аҳолиси 70,3 фоиз, қишлоқ аҳолиси эса 29,7 фоизни ташкили этмоқда.
Ироқдаги оилалар сони 7 миллион 898 минг 588 тага етгани таъкидланди.
"Оилаларнинг ўртача сони 5,3 кишини ташкил этади. Эркаклар сони 22 миллион 784 минг 62 нафарга ёки 50,1 фоизга, аёллар сони эса 22 миллион 623 минг 833 нафарга ёки 49,8 фоизга етди. 15 ёшдан кичик бўлганлар сони аҳолининг 36,1 фоизини ташкил этмоқда. 15-64 ёшдаги меҳнатга лаёқатли аҳоли 60,2 фоиз. 65 ёшдан ошганлар 3,7 фоиз", - дея маълум қилди Суданий.
Унинг қўшимча қилишича, мамлакатда туғилиш коэффициенти 2,3 промиллени ташкил этмоқда. Бу - туғиш ёшидаги ҳар 100 аёлга 230 нафар бола тўғри келишини англатади.
Судани шунингдек, мамлакатда охирги умумий аҳоли рўйхати 1987 йилда ўтказилганига ва 1997 йилги аҳоли рўйхатига Ироқ Курд Минтақавий Ҳукумати (КРГ) кирмаганига эътибор қаратди.
Iraq Body Count Америка-Британия нодавлат ташкилоти маълумотларига кўра, АҚШнинг Ироқ ишғолини бошлаган 2003 йилдан 2007 йил декабригача мамлакатда 128 мингга яқин тинч аҳоли ҳалок бўлган. Opinion Research Business ҳисоб-китобларига кўра эса 946 мингдан 1 млн 120 минг нафаргача ироқлик ҳалок бўлган.