ЕИ: Хотин-қизлар қўрқув ва таҳликасиз яшаши керак
Дунёнинг турли мамлакатларида хотин-қизлар жисмоний, жинсий ва руҳий зўравонлик қурбони бўлмоқда. Айниқса, уруш, қуролли тўқнашувлар ва гуманитар бўҳронлар кузатилаётган минтақаларда зўравонлик кўлами катта.
Бу ҳақда 25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни муносабати билан Европа комиссияси ҳамда Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили томонидан берилган баёнотда сўз боради.
«Хотин-қизларга нисбатан ҳар қандай шаклдаги зўравонлик нафратга лойиқдир. Бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши, асосий қадриятларимизнинг поймол этилиши саналади», – дейилади баёнотда.
Қайд этилишича, ЕИ Истанбул конвенциясига қўшилгач, бу йил Иттифоқ қонунчилигига хотин-қизларга нисбатан зўравонлик, умуман, оиладаги зўравонликка қарши курашга қаратилган қўшимча чоралар киритилди.
«Эндиликда биз офлайн ва онлайн шаклдаги зўравонликка қарши кураш, хотин-қизлар қўрқув ва таҳликасиз, хавфсиз яшашини таъминлаш, жабрдийдаларга манзилли кўмак кўрсатиш ва айбдорларни жазога тортишга қаратилган қўшимча воситаларга эгамиз. Биз барча аъзо давлатларни ушбу қатъий чораларни зудлик билан амалга татбиқ этишга чақирамиз», – дейилади Еврокомиссия баёнотида.
Таъкидланишича, бутун дунёда нозик хилқат эгаларига қарши зўравонликларга барҳам бериш ЕИ ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири бўлиб қолади. Бу борада эса Брюссель ҳамкорлар давлатлар, фуқаролик жамияти институтлари ва инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари билан елкама-елка иш олиб боради.
Маълумот ўрнида, БМТ Бош ассамблеясининг 1999 йил 17 декабрдаги резолюцияси билан 25 ноябрь – Хотин-қизларга нисбатан зўравонликка барҳам бериш халқаро куни деб белгиланган.
БМТ куни кеча эълон қилган ҳисоботга кўра, ҳар куни сайёрамиз бўйлаб 140 нафар хотин-қиз турмуш ўртоғи ёки яқин қариндоши томонидан ўлдирилмоқда. Бу ҳар 10 дақиқада бир аёл вафот этмоқда деганидир.
2023 йилда 85 минг нафар аёл зўравонлик туфайли вафот этгани зулмга барҳам бериш йўлидаги саъй-ҳаракатларни янада кучайтириш кераклигидан далолат беради.