Париждаги Халқаро мусулмонлар форуми ўз ишини бошлади

Париждаги Халқаро мусулмонлар форуми ўз ишини бошлади

Куни кеча муфтий Усмонхон Алимов Парижга етиб келди. Бу ҳақда Ўзбекистон мусулмонлар диний идораси Матбуот хизмати хабар берди.

Муфтийни Париж аэропортида Россия мусулмонлари диний идораси вакиллари ҳамда Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев бошчилигидаги элчихона ходимлари кутиб олди.

Муфтий Париждаги Ўзбекистон элчихонаси фаолияти билан яқиндан танишди.

Шу куни Париж шаҳрида Халқаро мусулмонлар форуми ўз ишини бошлади. Нуфузли тадбир Қуръони карим тиловати билан бошланди.

Хабарда айтилишича, ушбу халқаро анжуманнинг бош мавзуси Ислом дини ва глобаллашув муаммоларига бағишланган бўлиб, сўзга чиққан нотиқлар томонидан ҳозирги глобаллашув жараёнлари турли минтақаларга ўзининг ижобий ва салбий таъсирини кўрсатиб келаётгани, мана шундай мураккаб даврда юзага келаётган муаммо ва таҳдидларга биргаликда курашиш зарурлигини алоҳида қайд этдилар.

Халқаро форум ишида Россия мусулмонлари диний идораси раиси Равил Гайнутдин, Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов, Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, бош муфтий Серикбой ҳожи Ораз, Қирғизистон муфтийси Махсатбек Токтамушев ҳамда бир қатор давлат ва дин арбоблари маъруза билан иштирок этдилар.

Анжуман доирасида оммавий ахборот воситалари вакиллари томонидан Халқаро мусулмонлар форумининг мазмун-моҳияти юзасидан берилган саволларга диний етакчилар томонидан батафсил жавоблар берилди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!