Норов ва Муҳриддин Тожикистон президентининг Тошкентга бўлажак ташрифини муҳокама қилишди

Норов ва Муҳриддин Тожикистон президентининг Тошкентга бўлажак ташрифини муҳокама қилишди

Ўзбекистон ташқи ишлар вазири вазифасини бажарувчи Владимир Норов ва унинг тожикистонлик ҳамкасби Сирожиддин Муҳриддин Тожикистон президенти Эмомали Раҳмоннинг Ўзбекистонга бўлажак ташрифини муҳокама қилишди.

Икки мамлакат ТИВ раҳбарлари учрашуви Душанбедаги МДҲ Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг навбатдаги мажлиси доирасида бўлиб ўтди.

“Ташқи ишлар идоралари раҳбарлари Тожикистон президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи юзасидан, шунингдек, сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт-коммуникация, маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама ҳамкорликни атрофлича муҳокама қилдилар”, - дейилган Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабарида.

Вазирлар яқин йилларда товар айирбошлаш ҳажмини 1 миллиард долларга етказиш бўйича икки давлат президентларининг берган топшириқларини сўзсиз бажариш зарурлигини таъкидлашган.

Томонлар Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Тожикистон Ҳукуматлараро қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини имкон қадар тез муддатларда ўтказиш зарурлигини қайд этдилар.

Жорий йилда дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 30 йиллиги нишонланишини ҳисобга олган ҳолда маданий-гуманитар йўналишдаги ҳамкорликни кенгайтириш, хусусан, Ўзбекистон ва Тожикистон ҳудудида қўшма йирик маданий тадбирлар уюштириш юзасидан якдил муносабат билдирилди.

Аввалроқ Шавкат Мирзиёев Эмомали Раҳмонни Ўзбекистонга таклиф қилгани хабар қилинган эди.


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!