Нега сиртқи бўлим жорий қилинди?

Нега сиртқи бўлим жорий қилинди?

Кадрлар муаммоси бор жабҳада ривожланиш тенденцияси тўғрисида гапириш мушкул...

Ветеринария йўналиши бўйича олий таълим муассасаларида ҳар йили ўртача ҳисобда 200 нафар олий маълумотли мутахассислар тайёрланаётган эди. Ўз-ўзидан маълумки, бу кўрсаткич соҳада кадрларга бўлган эҳтиёжни тўлиқ ҳал этиш имкониятини бермасди. Кадрлар муаммоси бор жабҳада эса ривожланиш тенденцияси тўғрисида гапириш мушкул.

Президентнинг 2017 йил 9 декабрдаги Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида аграр соҳада замонавий илм-фан ютуқларини пухта ўзлаштирган кадрлар етишмаётгани, айниқса, чорвачилик, паррандачилик ва балиқчилик соҳаларида ветеринар мутахассисларга эҳтиёж катта эканлиги алоҳида қайд этилди. Чорва молларининг зотини яхшилаш, паррандаларда касалликларни эрта аниқлаш ва даволаш бўйича илмий изланишлар деярли олиб борилмаётганлиги хусусида сўз юритилиб, юртимизда ветеринария медицинаси институтини ташкил этишнинг фурсати келганли таъкидланган эди.

Жаҳоннинг илғор тажрибалари ўрганилган ҳолда соҳанинг замон талаблари асосида ривожланишини ҳамда малакали кадрлар етиштириш мақсадида жорий йил 8 майда Президентнинг «Самарқанд ветеринария медицинаси институтини ташкил этиш тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Ўз навбатида, институт олдига қатор вазифалар қўйилди – соҳа учун кадрлар тайёрлашнинг узлуксиз тизимини яратиш, ривожланган хорижий давлатларнинг ветеринария ва чорвачилик соҳаси бўйича илғор тажрибасини ўрганиш асосида таълим жараёнларига тадбиқ этиш ҳамда таълим бериш жараёнида назария ва амалиёт уйғунлигини таъминлаш.

Жорий ўқув йилида соҳада жойлардаги олий маълумотли кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, институтга талабаларни вилоятларга ажратилган квоталар асосида қабул қилишга эришилди. Олий маълумотли мутахассисларга бўлган дефицит ўрнини қоплаш мақсадида сиртқи бўлим жорий қилинди. Кундузги таълим бўйича 750 нафар бакалавр ва 50 нафар магистр йўналишига, 450 нафар талаба сиртқи таълим бўйича ўқишга қабул қилинди. 

Manba: uza.uz


Матнда хатолик топсангиз, ўша хатони белгилаб, бизга жўнатинг (Ctrl + Enter).

Бўлимга тегишли қизиқарли хабарлар

Фикр билдириш учун қайдномадан ўтишингиз сўралади ва телефон ракамни тасдиклаш керак булади!